Зеленский атрофидаги сиёсий инқироз: кураш тинчлик учунми ёки ҳокимият учун?
АҚШ президенти Доналд Трамп Украинага янги президент кераклигини очиқ айтди. У Владимир Зеленскийни Россия билан тинчликка эришиш имкониятларидан фойдаланмаганликда, шунингдек, Россия нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалар орқали жаҳон ёқилғи бозоридаги вазиятни оғирлаштиришда айблади. Бу баёнотлар Трампнинг Владимир Путин билан Россия дизелини АҚШ ва халқаро бозорларга етказиб бериш бўйича келишувга эришганини эълон қилиши ортидан янгради.

11 октябрда Зеленский эса ABC News телеканалига берган интервьюсида Россия 60 кунлик тўлиқ ўт очмаслик режимига рози бўлса, Украинада президентлик сайловларини ўтказишга тайёрлигини билдирди. У Трампни Путиндан шундай кафолат олишга чақирди. Бироқ 12 октябрда Кремль бу таклифни рад этди. Дмитрий Песков Москва вақтинчалик сулҳ эмас, узоқ муддатли тинчлик тарафдори эканини таъкидлади.
Хўш, Вашингтон ва Москва Украинада демократик сайловлар ўтказилишини истаяптими ёки бу масала Зеленскийга сиёсий босим ўтказиш воситасига айланмоқдами?
Трампнинг мақсади: тинчликми ёки иқтисодий манфаат?
Трамп ва Путиннинг Зеленскийга нисбатан манфаатлари айрим масалаларда мос келиши мумкин. Бироқ уларнинг стратегик мақсадлари бир хил эмас. Трамп учун Украина масаласи АҚШ ички сиёсати, ёқилғи нархлари ва дипломатик натижалар билан боғлиқ. 3 ноябрда Конгрессга оралиқ сайловлар ўтказилиши кутилмоқда. Айни пайтда Америкада дизель қимматлашган. Reuters маълумотига кўра, 8 октябрда унинг ўртача чакана нархи бир галлон учун 6,28 долларга етган. Бундай шароитда Россия билан ёқилғи келишуви Трампга иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қодир раҳбар сифатида кўриниш имконини беради.
9 октябрда у Россия дастлаб 300 минг тоннадан ортиқ дизель етказиб беришини, кейинги партиялар билан умумий ҳажм 4,8 миллион тоннагача етиши мумкинлигини маълум қилди. АҚШ Молия вазирлиги Россия дизелини 2027 йил 7 апрелгача импорт қилишга рухсат берди. Келишувдан кейин дизель фьючерслари қарийб 5 фоизга арзонлашди. Бироқ бу нархлар узоқ муддат пасайишини кафолатламайди. Натижа қандай бўлиши Россиянинг ишлаб чиқариш қуввати, етказиб бериш имкониятлари ва бозор шароитига боғлиқ.
Москва учун келишув иқтисодий фойдадан ташқари, Вашингтон билан тўғридан-тўғри муносабатларни мустаҳкамлаш имконияти ҳамдир. Шу билан бирга, Трамп ва Путин Зеленскийни ҳокимиятдан четлатиш бўйича махфий келишувга эришганини тасдиқловчи ишончли далиллар мавжуд эмас.
Россия дизели ва Украина зарбалари
Украина Россия нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалар орқали унинг иқтисодий ва ҳарбий салоҳиятини чеклашга интилмоқда.
Украина Мудофаа вазирлигининг 4 октябрдаги маълумотига кўра, Россия нефтьни қайта ишлаш қувватларининг 51 фоиздан ортиғи турли даражада ишдан чиқарилган. Бироқ бу рақамни эҳтиёткорлик билан баҳолаш зарур. Чунки вақтинча тўхтаган завод билан бутунлай вайрон бўлган корхона бир хил мақомда эмас.
Трамп Украина зарбаларини танқид қилиб, уларни тўхтатишни талаб қилди. Financial Times маълумотига кўра, Вашингтон бу масалада Киев ва Европа давлатларига босим ўтказган. Зеленский эса ўз шартини илгари сурмоқда: Украина Россия энергетика объектларига зарбаларни тўхтатиши учун Москва ҳам Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатиши керак.
Путинга Зеленскийнинг кетиши нима учун керак?
Зеленский Россиянинг кенг кўламли босқинига қаршилик, Ғарб билан ҳамкорлик ва Украина ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш сиёсати билан боғлиқ раҳбардир.
Москва учун Украинада раҳбар алмашиши ҳудудлар, НАТО билан муносабатлар ва хавфсизлик кафолатлари бўйича қулайроқ келишувга эришиш имкониятини яратиши мумкин.
Бироқ янги президент Россия талабларини автоматик қабул қилади, деган хулоса нотўғри. Rating Group ижтимоий фикрни ўрганиш марказининг октябрь ойида ўтказган сўровига кўра, украиналикларнинг 57 фоизи музокаралар орқали муроса излашни қўллаб-қувватлаган. 56 фоизи ҳудудий ён беришларни фақат ишончли хавфсизлик кафолатлари мавжуд бўлганда мумкин деб ҳисоблаган. 68 фоизи эса бундай қарорлар референдум орқали қабул қилиниши кераклигини билдирган. Бу натижалар украин жамияти тинчликни исташини, аммо хавфсизлик кафолатларисиз келишувдан хавотирда эканини кўрсатади.
Зеленскийнинг президентлик ваколати қонунийми?
Зеленскийнинг беш йиллик президентлик муддати 2024 йил майида тугаган. Аммо Украина Конституциясининг 108-моддасига кўра, амалдаги президент янги сайланган раҳбар лавозимга киришгунига қадар вазифасини бажаради.
Ҳарбий ҳолат тўғрисидаги қонуннинг 19-моддаси эса уруш шароитида президентлик сайловларини ўтказишни тақиқлайди. Украинада ҳарбий ҳолат 2026 йил 31 октябргача узайтирилган.
Сайловларни ташкил этишда жиддий амалий муаммолар ҳам бор. Eurostat маълумотига кўра, 2026 йил июль охирида ЕИ давлатларида 4,43 миллион украиналик вақтинчалик ҳимоя мақомига эга бўлган. Бундан ташқари, оккупация қилинган ҳудудлардаги фуқаролар ва фронтдаги ҳарбийларнинг овоз беришини таъминлаш мураккаб. Шу сабаб 60 кунлик сулҳнинг ўзи барча ҳуқуқий ва ташкилий муаммоларни ҳал қилмайди.
Украиналиклар кимни қўллаб-қувватламоқда?
Rating Group марказининг 3–5 октябрда ўтазган сўровида сиёсий етакчиларга ишонч қуйидагича тақсимланган:
Валерий Залужний — 64%, Владимир Зеленский — 53%, Кирилл Буданов — 53%, Михаил Федоров — 38%, Пётр Порошенко — 24% “овоз олган.
Бу кўрсаткичлар сайловдаги овозлар эмас, балки сиёсатчиларга ишонч даражасидир.
Киев халқаро социология институтининг сентябрь сўровида иштирокчиларнинг 53 фоизи Зеленский қайта номзод бўлмаслиги кераклигини билдирган. Бироқ 71 фоизи ҳозир сайлов ўтказишга қарши чиққан.
Зеленскийнинг асосий эҳтимолий рақиби - собиқ бош қўмондон, ҳозир Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси Валерий Залужний ҳисобланади. Буданов, Федоров ва Порошенко ҳам сиёсий муқобиллар сифатида тилга олинмоқда. Аммо шахсий машҳурлик президентлик сайловида ғалабани кафолатламайди. Номзодларнинг сиёсий дастури, бошқарув қобилияти ва тинчлик музокараларидаги позицияси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Ғарб Зеленскийни қўллаб-қувватлайдими?
11 октябрда Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Зеленскийни қўллаб-қувватлашини билдирди. Германия ҳам Киевга ёрдам сиёсати давом этишини тасдиқлади.
АҚШда эса Трампнинг Россия дизели бўйича келишуви ҳамма томондан қўллаб-қувватланмади. Етти нафар сенатор импорт қарорининг қонунийлигини қайта кўриб чиқишга чақирди.
Бироқ Европанинг сиёсий қўллаб-қувватлаши АҚШ ҳарбий технологиялари, разведка маълумотлари ва қурол етказиб бериш имкониятларини тўлиқ қоплай олмайди. Шу боис Вашингтон билан муносабатларнинг ёмонлашиши Украина учун жиддий хавфдир.
Зеленский кетса уруш тугайдими?
Зеленскийнинг ҳокимиятдан кетиши уруш автоматик тугашини англатмайди. Янги президент ҳам ҳудудий низолар, Россия талаблари, ташқи ҳарбий ёрдам ва хавфсизлик кафолатлари муаммосига дуч келади.
Воқеалар уч йўналишда ривожланиши мумкин:
1.Зеленский ҳокимиятда қолади. Ҳарбий ҳолат ва барқарор сулҳ йўқлиги сабаб сайловлар кечиктирилади.
2. Сулҳ ва сайловлар бўйича келишувга эришилади. Зарур ҳуқуқий ва хавфсизлик шароитлари яратилиб, президентлик сайловлари ўтказилади.
3. Ташқи босим кучаяди. АҚШ билан зиддиятлар, ёрдам қисқариши ва ички сиёсий рақобат мамлакат барқарорлигига хавф туғдиради.
Бу сценарийларнинг қай бири амалга ошиши урушнинг бориши, халқаро музокаралар ва Украина жамиятининг позициясига боғлиқ.
Хулоса
Зеленский атрофидаги сиёсий инқироз фақат бир президентнинг ҳокимиятда қолиши ёки кетиши ҳақидаги баҳс эмас. Унинг марказида АҚШнинг иқтисодий манфаатлари, Россиянинг геосиёсий мақсадлари ва Украинанинг мустақил келажаги турибди.
Трамп учун тезкор дипломатик натижа, Путин учун қулайроқ келишув, Украина учун эса узоқ муддатли хавфсизлик муҳим.
Асосий савол Зеленскийнинг ўрнини ким эгаллашида эмас, балки уруш қандай шартларда тугаши ва Украина келажагини ким белгилашида. Барқарор тинчлик фақат сиёсий етакчилар келишувига эмас, балки украин халқининг эркин танлови ва ишончли хавфсизлик кафолатларига таяниши керак.
Абулфайз Сайидасқаров





