БМТ Бош ассамблеяси Фаластинни тўлақонли аъзо сифатида қабул қилишга чақирди
Бунинг учун Хавфсизлик кенгашининг розилиги, шунингдек, Бош ассамблеяда овозларнинг учдан икки қисми талаб этилади.
БМТ Бош ассамблея Хавфсизлик кенгашини Фаластинни БМТга қабул қилишга чақирди.
Бир неча дақиқалар олдин БМТ Бош ассамблеяси БАА тақдим этган резолюция лойиҳасини қабул қилди.
Резолюция Хавфсизлик кенгашига Фаластинни БМТга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилишни тавсия этади. Шунингдек, резолюция фаластинликларга, жумладан, қуйидаги “ҳуқуқ ва имтиёзларни” беришни кўзда тутади:
2024 йил сентябр ойидан бошлаб,
▪️ Фаластин делегацияси аъзолари таклиф ва тузатишларни ҳозиргидек бошқа давлатлар орқали эмас, бевосита мустақил илгари суриши;
▪️ аъзо мамлакатлар орасидан алифбо бўйича тартибда жой эгаллаши;
▪️ Бош ассамблея бош қўмиталари ва пленар мажлисларига мансабдор сифатида сайланиши.
Фаластинни БМТга аъзо сифатида қабул қилиш учун Хавфсизлик кенгашининг розилиги, шунингдек, Бош ассамблеяда овозларнинг учдан икки қисми талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, 19 апрел куни ҳам БМТ Хавфсизлик кенгаши ушбу масала бўйича Жазоир тақдим этган резолюция лойиҳасини кўриб чиққан эди. Гарчи Хавфсизлик кенгашининг 15 муваққат аъзосидан 12 нафари (жумладан, доимий аъзолар Франция, Россия Федерацияси ва Хитой ҳам) мазкур резолюцияни ёқлаб овоз берган бўлсада, Кенгашнинг яна бир доимий аъзоси АҚШ вето қўйгани боис резолюция рад этилган эди.