БМТ Ғазодаги урушни зудлик билан тўхтатишни талаб қилувчи ҳужжатни қабул қилди
Ўзбекистон ҳам резолюцияни қўллаб-қувватлади.
БМТ Бош Ассамблеяси Фаластин-Исроил можароси ҳудудида ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Ўзбекистон ҳам резолюцияни қўллаб-қувватлади.
Ҳужжат 153 та давлат вакиллари (шу жумладан Ўзбекистон) томонидан маъқулланган. Шу билан бирга, 10 давлат дипломатлари резолюция қабул қилинишига қарши чиқди, яна 23 давлат вакиллари овоз беришда бетараф қолди.
Ҳужжат Миср ва Мавритания томонидан тайёрланган. Унинг муаллифлари резолюцияни сиёсийлаштиришни истамасликларини бир неча бор таъкидлаб, уни соф инсонпарварлик ҳужжати деб аташган.
Резолюцияда БМТ Бош Ассамблеяси жанговар зонада “зудлик билан ўт очишни тўхтатиш” ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатининг “барча гаровга олинганларни шартсиз озод қилиш”га чақириши таъкидланган. Бундан ташқари, БМТ можаро тарафларидан халқаро гуманитар қонунларга риоя қилишни ва тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлашни талаб қилди.
Шунингдек, БМТ Бош ассамблеяси АҚШнинг Фаластин бўйича резолюцияга ҲАМАС ҳаракатини қоралаш бўйича тузатиш киритишини қабул қилмаган.
Вашингтон таклифига 84 давлат овоз берди, 62 давлат қарши чиқди, 25 давлат бетараф қолди. Шундай қилиб, тузатиш қабул қилиш учун зарур бўлган учдан икки қисм овозни ололмади.
Аввалроқ, АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюциясига вето қўйганди.