platina.uz

АҚШ Фаластинни БМТга қабул қилиш бўйича резолюцияни ўтказмади

Россия томони АҚШ қўйган ветодан норозилик билдириб, мамлакатни Исроил манфаатларини ҳимоя қилишда айблади. 

Жаҳон
19 апрель, 10:37
АҚШ Фаластинни БМТга қабул қилиш бўйича резолюцияни ўтказмади

2024 йил 18 апрел куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Жазоир томонидан тайёрланган Фаластинни БМТга тўлиқ аъзоликка чақирувчи резолюция лойиҳасини овозга қўйилди.

Овоз бериш жараёнида Қўшма Штатлар лойиҳага вето қўйди. 12 давлат эса ёқлаб овоз берди. Буюк Британия ва Швейцария бетараф қолди.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Роберт Вуднинг айтишича, Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ўз ҳаракатлари халқаро тинчлик ва хавфсизлик ишига ҳисса қўшиши ҳамда БМТ Низоми талабларига риоя этилишини таъминлаш учун алоҳида масъулият юклайди. Унинг сўзларига кўра, янги аъзоларни қабул қилиш бўйича қўмита ҳисоботи Хавфсизлик кенгаши аъзолари ўртасида номзоднинг БМТ Низомининг VI моддасига мувофиқ аъзолик мезонларига мос келиши-тўғри келмаслиги борасида келишув мавжуд эмаслигини кўрсатади.

«Биз узоқ вақтдан бери Фаластин маъмуриятини давлатчиликка тайёрлик белгиларини ўрнатишга ёрдам бериш учун зарур ислоҳотларни амалга оширишга чақириб келганмиз ва айни дамда ҲАМАС террор ташкилоти ушбу резолюцияда кўрсатилган давлатнинг ажралмас қисми бўлган Ғазони назорат қилаётганини таъкидлаймиз" - деди америкалик дипломат.

Айнан шу сабабларга кўра Қўшма Штатлар "йўқ" деб овоз берди, деб тушунтирди у.

Россия элчиси Василий Небензянинг айтишича, АҚШ Ғазода ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери бешинчи марта Хавфсизлик кенгаши резолюциясига вето қўйган. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар "фаластинликлар ҳақида ҳақиқатда қандай фикрда эканлигини яна бир бор намойиш этди".

"Вашингтон назарида улар ўз давлатига эга бўлишга лойиқ эмас", - дейди у.

"Улар фақат Исроил манфаатларини рўёбга чиқариш учун тўсиқдир". Россиялик дипломатнинг сўзларига кўра, ҳозирда жаҳон ҳамжамиятининг мутлақ кўпчилиги Фаластиннинг БМТнинг тўлақонли аъзоси мақомини олиш ҳақидаги аризасини қўллаб-қувватламоқда. "АҚШ делегациясининг бугун ветодан фойдаланиши тарихнинг муқаррар қарорни тўхтатишга қаратилган умидсиз уринишдир", деди Небензя.

"Вашингтон деярли бутунлай яккаланиб қолган овоз бериш натижалари буни тасдиқлайди".

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+