Тишсиз қолган БМТ ва демократияга зид вето ҳуқуқи
Фаластинни кўпчилик мамлакатлар мустақил давлат сифатида тан олишган бўлса-да, БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето ҳуқуқига эга учта аъзоси – АҚШ, Буюк Британия ва Франция тан олмади.
Инсоният урушни истамайди, аммо низоларсиз ва урушларсиз ҳаётга эриша олмаяпти. Бунинг учун халқлар ўртасида келишувларга эришилади, битимлар тузилади, “ўйинбузуқи”ларни тийиб туриш ва жазолаш чоралари изланади. Бироқ асосий муаммо – ким қози бўлишию, ким ҳукмни ижро этиши борасида ихтилофлар тўхтамайди.
Жумладан, биринчи жаҳон уруши 10 миллион одамнинг ёстиғини қуритди. 22 миллион киши яраланиб, яна қанчалаб одам ногиронга айланди. Мамлакатлар иқтисодиёти издан чиқди. Инсоният тараққиёти секинлашиб қолди. Қанчалаб тақдирлар хароб бўлди.
1920 йилга келиб, бундай талафотларга бошқа йўл қўймаслик, Ер юзида тотув яшаш учун шароит яратиш мақсадида Миллатлар Лигаси ташкил этилди. Бироқ замонлар ва сиёсий тузумлар ўзгариб, унинг самарадорлиги йўқолди. Шунчаки баландпарвоз, “номи улуғ, супраси қуруқ ташкилот”га айланиб қолди. Яна бир етилиб келаётган кенг кўламли қуролли можаронинг олдини олишга қурби етмади: иккинчи жаҳон уруши бошланди. У биринчи жаҳон урушидан кўра кўпроқ талафотга олиб келди. Бу кенг кўламли уруш якунланиб, тинчлик ўрнатилиш арафасида инсоният энди асло бундай можарога йўл қўймасликка яна қасд қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилди. У анчагина самарали фаолият кўрсатиши, таъсир қилиш дастакларига эгалиги эътироф этилди.
БМТ тузилган 1945 йилдан бери яна анчагина сув оқиб ўтди. Яна замон ва тартиб ўзгарди. Ер шарининг у ёки бу ерида қуролли тўқнашувлар юз бериб туриши тўхтамади. БМТнинг самарадорлиги ва одиллигига илк шубҳа у ташкил этилганидан атиги 3 йил ўтиб бошланди: 1948 йилда Исроил давлати тузилганидан бери Яқин Шарқ тўхтовсиз урушлар ва доимий сиёсий инқироз ўчоғига айланди. Бироқ БМТ бу муаммони ҳал қила олмади. Бундан кейин ҳам ҳал қила олишига умид йўқ.
Сўнгги йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг тузилиши ҳақидаги мунозаралар авж олди. Албатта, бу БМТ Хавфсизлик Кенгашининг иккинчи жаҳон урушидан кейин ўша даврдаги жаҳон тизимининг тузилишини ҳисобга олган ҳолда тузилгани билан боғлиқ. Шу сабабли, БМТ Хавфсизлик Кенгаши яқин ўтмишда юзага келган кўплаб муаммоларни ҳал қилиш учун етарли бўлмади ва муваффақиятли текширув ўтказа олмади. Бунга Исроил-Фаластин ва Россия-Украина можароларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Нега БМТ самарасиз бўлиб қолди?
БМТга расман бир неча давлат асос солган бўлса-да, ҳақиқий таъсисчилар иккинчи жаҳон урушининг ғолиблари – АҚШ, СССР, Франция, Хитой, Буюк Британия эди. Фақатгина улар БМТнинг асосий куч органи – Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бўлиб олишди. Уларнинг энг катта қуроли – вето қўйиш ҳуқуқи эди. Вето – содда қилиб тушунтирганда, бутун дунё бир ишни қилишга келишсаю, шу доимий аъзодан бирортаси рози бўлмаса, қаршилик қилиб, уни йўққа чиқариш ҳуқуқидир.
Масалан, БМТ Бош ассамблеясининг 1947 йил 29 ноябрдаги 181 (II) резолюциясига кўра, Усмонийлар империясидан тортиб олинган, Британия мандати остига ўтган Фаластин ерларида икки мустақил давлат –Фаластин ва Исроил давлати ташкил топиши керак эди. Исроил давлати тузилган бўлса-да, Фаластин давлати тузилмай қолди. Уни кўпчилик мамлакатлар мустақил давлат ва халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида тан олишган бўлса-да, БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето ҳуқуқига эга учта аъзоси – АҚШ, Буюк Британия ва Франция тан олишмади. Ҳатто АҚШ уни БМТга қабул қилиш лойиҳаларига бир неча бор вето қўйди. Тасаввур қилинг, дунёдаги аксарият давлатлар Фаластин давлати ташкил этилишига рози бўлсаю, 2-3 давлат бунга тўсқинлик ҳуқуқига эга бўлса! Аслини олганда демократиянинг асосий тамойили – кўпчилик фикри инобатга олинади, деган мантиқ ҳукмрон бўлиши керак эмасми?! Бундай вето ҳуқуқи – демократик тамойилларга зид қоида эканиёқ БМТнинг самарасиз ва одиллик етишмайдиган халқаро ҳуқуқ ўйинчиси эканини ошкор қилади.
Ҳар қандай муаммони боши берк кўчага киритиб қўядиган вето ҳуқуқи яна бир юридик коллизияни инобатга олмайди. Хўп, дунёда адолат ўрнатилиши учун 5 та доимий аъзо ва ядровий давлат собит туриши шарт дейлик. Аммо шу аъзоларнинг ўзлари “ўйин” қоидаларини бузишса-чи? Унда қандай механизмлар ишга туширилади.
Узоққа бормасдан, Россиянинг Украинага бостириб киришини мисол сифатида олайлик. БМТнинг бу босқинчилик ҳаракатини қораловчи резолюция лойиҳаси қабул қилинмади. Боиси, агрессор давлат – Россиянинг ўзи бу резолюция лойиҳасига вето қўйди. Бу худди жиноятчини жазолаш учун ҳукм чиқарилганида, шу жиноятчининг ўзи ҳукмга вето қўйиб, сувдан қуруқ чиқиши билан баробар.
Шу ўринда яна бир мисол. Аввал хабар берганимиздек, БМТ Бош Ассамблеяси Исроилнинг Фаластин ҳудудидаги аҳоли пунктларини эгаллаб олишини ноқонуний деб эълон қилган резолюцияни қабул қилди, Ўзбекистон ҳужжатни қувватлади (гап Шарқий Ал-Қудс ва босиб олинган деб ҳисобланган Голан тепаликлари ҳақида кетмоқда). Бироқ, натижаларга қарамай, овоз бериш қонуний кучга эга бўлмаслиги муҳим, чунки қарши овоз берган АҚШ вето ҳуқуқига эга. Яна ўша вето муаммоси ғилдиракка пона бўлмоқда!
Foreign Policy журнали муаллифи Колум Линч ёзганидек, "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг беш доимий аъзоси, айниқса, Россияда, шунингдек, AҚШ ва Хитойда вето ҳуқуқидан кенг кўламли халқаро қўллаб-қувватланган ташаббусларни блокировка қилиш учун кўпинча вето ҳуқуқидан фойдаланганаётгани боис норозилик кучаймоқда”.
Италия, Aргентина, Покистон, Жанубий Корея, Туркия ва бошқаларни ўз ичига олган Консенсус учун митинг гуруҳи номидан сўзга чиққан Италиянинг БМТдаги вакили Маурицио Массари вето Хавфсизлик Кенгашининг қарор қабул қилиш қобилиятини фалаж этишини айтган. “Ҳеч қандай шубҳа йўқ: вето демократия, самарадорлик ва давлатлар ўртасидаги суверен тенглик тамойилларига зиддир. У маълум бир тарихий контекстда ишлаб чиқилган ва бугунги кунда у ишончли асосга эга эмас ", дейди Массари. Таъкидлаш керак, мазкур гуруҳ вето ҳуқуқининг бекор қилиниши тарафдори ва Хавфсизлик Кенгашининг янги доимий аъзолари пайдо бўлишига қарши чиқади.
Тўғри, БМТ таъсис ҳужжатларида бундай юридик коллизия рўй берган ҳолатда қандай йўл тутиш кераклиги белгилаб қўйилган. БМТ Низомининг 27(3)-моддаси низо томонларига уларга бевосита тааллуқли бўлган қарорлар бўйича овоз беришни тақиқлайди. Бироқ, ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, ўнлаб йиллар давомида бу қоида "назарий жиҳатдан мажбурий, аммо амалда ихтиёрий эди". Бундан ташқари, у Низомнинг 7-бобидаги резолюцияларга тааллуқли эмас. Бундай резолюциялар кўпинча “мажбурлаш бўйича зарур чоралар кўриш”ни назарда тутади.
Нега айнан 5 та давлат?
БМТни ислоҳ қилиш масаласи бугун пайдо бўлиб қолмаган. Ҳаттоки БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ҳам ислоҳотлар зарурлигини айтишади. Лекин ҳар бир давлатнинг бу борадаги қарашлари бошқаларникидан фарқ қилади.
Масалан, Оқ уйнинг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби АҚШнинг бу борадаги ғояларини ифодалаб, АҚШ президенти Жо Байден БМТ Хавфсизлик кенгаши архитектурасига ўзгартиришлар киритиш масаласини кўтариш ниятида эканини айтганди. Хусусан, Байденнинг фикрича, БМТ Хавфсизлик кенгаши “янада инклюзив ҳамда кўпроқ аъзоларни қамраб олиши лозим”. Бироқ АҚШ янги қўшилган аъзоларга вето бериш ҳуқуқини рад этади.
Россия нима деяпти?
Яна бир доимий аъзо – Россия ҳам ислоҳотлар тарафдори. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг билдиришича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши ҳақиқатан ҳам ушбу ўта муҳим халқаро ташкилотнинг самарадорлигини максимал даражада ошириш учун ўзгаришларга муҳтож. Бу, албатта, барча иштирокчиларнинг консенсусини ва албатта, охирги вақтларда қўшимча ролга эга бўлган ва глобал хавфсизлик, глобал иқтисодиётга кўпроқ таъсир кўрсатаётган ҳамда ўзларининг мавжудликларини тобора баландроқ маълум қилаётган давлатлар иштироки нуқтаи назаридан кўпроқ инклюзивликни талаб этади. Бироқ Песковнинг эътироф этишича, бу жараён мураккаб ва эҳтимол узоқ музокараларни талаб қилади, аммо "диалогни бошлаш керак”.
Қолганлар қандай фикрда?
БМТни ислоҳ қилиш борасида Туркия ҳам қаттиқ жонбозлик кўрсатмоқда. Чунки 1945 йилдан бери дунё ўзгарди. Ҳар жиҳатдан кучли, халқаро майдонда ўз овозига эга давлатлар пайдо бўлди. Жумладан, Туркия нафақат минтақа, балки халқаро муаммоларда ҳам ўз сўзини айта олиш даражасига чиқди. Туркия томони “дунё фақат 5 та эмас” дея Хавфсизлик кенгаши аъзолари сонини кенгайтиришни таъкидласа-да, кўпроқ инклюзивлик тарафдори. Яъни бу масъулиятли ва қудратли органда барча қитъа ва дин вакиллари, жумладан, ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли кўпчиликни ташкил этувчи давлатлар ҳам ўз тамсилини топишини истайди. Масалан, Миср, Туркия ёки Индонезия шундай номзодлардан бири бўлиши мумкин. Қудрати ошиб бораётган ва ядро қуролига эга Ҳиндистон ҳам потенциал номзод сифатида кўрилмоқда.
Ён қўшнимиз, иқтисодий, сиёсий ва жўғрофий жиҳатдан қудратли давлат Қозоғистон ҳам ислоҳотлар тарафдори. 2023 йил 8 июн куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев БМТ Хавфсизлик Кенгаши ислоҳоти бўйича сўниб бораётган, аммо ҳали ҳам зарур бўлган мунозараларни кун тартибига қўйди ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши ислоҳоти зарурлигини эслатди. У БМТ ягона нуфузли "глобал ташкилот" эканлигини таъкидлади. Тўқаев бу тузилмани ҳамма кучлар вакиллигини таъминлайдиган ва уларнинг овози “баландроқ эшитиладиган” тарзда ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади.
Ҳамон биринчи қадам қўйилмади
Гарчи аксарият давлатлар БМТни ислоҳ қилиш кераклигини таъкидлашаётган бўлса-да, бирор амалий қадам қўйилгани йўқ. БМТ Бош ассамблеясининг йиғилишларидан бирида бу масалани кўтариш учун ислоҳотлар ва БМТнинг янги архитектураси бўйича бирор реал лойиҳа ҳам ишлаб чиқилмаган ҳозирча. Бироқ, муаммони эътироф этиш ва англаш – муаммони ҳал қилиш йўлидаги биринчи қадам ҳисобланишини инобатга олсак, яқин йилларда бундай ислоҳотларга гувоҳ бўлишимиз эҳтимолга яқин.
Ўзбек сиёсатчиси Ҳамдам Содиқнинг фикрига кўра, ҳар бир йирик урушлардан кейин давлатлар яна бир йиғилиб, янги универсал ва умумий мулоқот майдончасини шакллантиришга уринган. Бу тизимга айланиб қолган. Айни дамда Исроилнинг Ғазо секторида амалга ошираётган қирғинлари ва бунга БМТнинг фақат “ташвиш ва хавотирлар” билан чекланаётгани, яна ўша доимий аъзоларнинг аксарияти Исроил тарафини олиб, қон тўкилишини тўхтатишга қаратилган резолюция лойиҳаларига вето қўяётгани бундай зарурият учун шароит яратиши мумкин.
Мулоҳазаларимизни Бангладешнинг БМТдаги доимий вакили Анварул К.Чоудхурининг қуйидаги сўзлари билан якунласак: “Доимий беш аъзонинг Хавфсизлик Кенгашидаги вето ҳуқуқи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг деярли барча глобал ҳаракатлари муваффақиятсизликка учраётганининг асосий айбдоридир. БМТда тезкор ислоҳотлар амалга оширилмас экан, вето ҳуқуқи БМТнинг тамал тоши эмас, балки қабр тошига айланади”.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.