Президент водий вилоятлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди
Унда Сайхунобод тажрибаси асосида ишлаш, томорқа ва хонадонлардаги даромадларни ошириш муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев кунннинг иккинчи ярмида Наманган шаҳрида Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари ҳамда иқтисодий комплекс мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказди.
Унда Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллабай ишлаш, томорқа ва хонадонлардаги имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Водий вилоятларида аҳоли зич яшайди. Ҳар қарич ер қадрли. Миришкорлар ердан фойдаланишнинг ҳадисини олган. Ҳунармандчилик, тадбиркорлик яхши ривожланган. Шу билан бирга, маҳаллаларда ишсизлар, эҳтиёжмандлар ҳам бор.
Давлатимиз раҳбари бундай инсонларга алоҳида эътибор қаратиш, ташкилий-молиявий кўмак бериб, бандлигини таъминлаш зарурлигини айтди. Бунинг учун барча масъуллар ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлайдиган тизимни йўлга қўйиши керак.
Шу боис маҳаллаларга ҳокимлик ва барча иқтисодий идора ходимлари бириктирилмоқда. Улар хонадонларда бўлиб, имкониятларини таҳлил қилади.
Масалан, томорқаси бўлса, ундан самарали фойдаланиш, даромадини 60-70 миллион сўмга олиб чиқиш бўйича намуна яратади. Ҳунармандликка уқуви борларга хомашё, ускуна ва айланма маблағдан ёрдамлашилади. Тадбиркорлик истаги бўлса, бизнес лойиҳалар қилиб берилади.
Бунда, айниқса, тижорат банклари фаол бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Яъни, улар, аввало, ўз мижозлари бўлган корхоналар негизида қўшимча иш ўринлари очилишини қўллаб-қувватлаши лозим.
Қолаверса, банкларга давлат томонидан катта ресурслар ажратилмоқда. Улар жойларда аҳоли ташаббусларига йўналтирилиб, бандликка хизмат қилиши зарур.
Бу маблағлар янги иш ўринлари, қўшимча маҳсулотлар, аҳолининг харид қобилияти орқали охир оқибат иқтисодиётга тушум бўлиб қайтади.
Хонадонларда кичик қайта ишлашларни ташкил этиш, одамларни маҳсулот ишлаб чиқаришга ўргатиш, кооперация ва касаначиликни кенгайтириш вазифаси қўйилди.
Томорқаларда ва деҳқончилик учун ажратилган ерларда сархил мева-сабзавотлар етиштириб, экспорт қилиш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик орқали рўзғорларга барака киритиш мумкинлиги таъкидланди.
Аввал Президент Намангандаги двигател заводига борган, шунингдек ифторлик дастурхонида иштирок этганди.