platina.uz

Президент Наманганда мавжуд имкониятни ишга солмаётган раҳбарларни танқид қилди

Вилоят экспортини 86 фоизи тўқимачилик ва мева-сабзавотчиликка тўғри келади. Мингбулоқ ва Косонсойда бир гектардан олинадиган даромад кескин кам,  минглаб гектар ер бўш ётибди. 

Иқтисод
26 март, 12:43
Президент Наманганда мавжуд имкониятни ишга солмаётган раҳбарларни танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятининг имкониятларини ишга солиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Наманганда ўтган 7 йилда вилоят иқтисодиёти 2 баробар, экспорт 3 карра ўсиб, жон бошига даромад 15,5 миллион сўмга етди. 65 триллион сўм инвестиция ҳисобига 600 минг иш ўрни яратилди.

Шу билан бирга, Наманганда мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани учун масъул комплекслар ва вилоятдаги раҳбарлар танқид қилинди.

Вилоят экспортини 86 фоизи тўқимачилик ва мева-сабзавотчилик ҳиссасига тўғри келади. Мингбулоқ ва Косонсойда бир гектардан олинадиган даромад вилоят кўрсаткичидан 2 баробар кам. Аҳолига берилган 16 минг гектардан 3,5 минг гектари бўш ётибди. Поп, Чортоқ, Норин ва Янгиқўрғонда саноатлашиш даражаси паст.

Масъуллар ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Сайхунобод мисолида Уйчи туманидаги 56 та маҳаллада ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, томорқадан 60-70 миллион сўм даромад олиш бўйича намуна яратиш топширилди.

Президент вилоятдаги имкониятларни ишга солиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллаларда жами 4 мингта хонадонни танлаб олиб, уларнинг даромадини ошириш чоралари кўрилади. Кейинги босқичда яна 4 мингтасига молиявий, техник, маслаҳат ва бошқа кўринишдаги амалий ёрдам берилади.

Шу тартибда, 35 минг хонадонга гулчилик, иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай, картошка етиштиришга кўмаклашилади. Бунга етарли миқдорда кредит ажратиш режалаштирилган.

Юртимизда қазиб олинаётган олтинни атиги 6 фоизи қайта ишланиб, бор-йўғи 78 миллион долларлик экспорт бўлаётгани қайд этилди.

Президент кеча танишган заргарлик корхонасини мисол қилиб, заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун жуда катта салоҳият борлигини таъкидлади.

Шу боис, тадбиркорлар учун алоҳида шароитларга эга заргарлик зоналари ташкил қилинади. Соҳага хомашё етказиш, мутахассис тайёрлаш, ишлаб чиқариш занжири ва сотиш тизими бутунлай қайта кўриб чиқилади.

Мутасаддиларга Туркия тажрибаси асосида Наманганда олтинни қайта ишлаш ва сотиш бўйича йирик марказни ишга тушириш топширилди. Юртимизда қазиб олинаётган олтинни атиги 6 фоизи қайта ишланиб, бор-йўғи 78 миллион долларлик экспорт бўлаётгани қайд этилди.

Ангрен шаҳридан Тўрақўрғон туманигача 100 километрлик йўлда автомобиллар оқими кунига 10 мингдан ошади. Бу йўлни икки томони йил давомида жозибали.

Лекин бу ерда одамларни 2-3 соат ушлаб қоладиган лойиҳалар камлиги қайд этилди. Йўл бўйи сервиси Поп, Чуст, Тўрақўрғон туманлари учун драйвер бўлиши, тадбиркорлар 2,5 триллион сўм инвестиция киритиб, 10 минг аҳолини доимий банд қилишга тайёрлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан мутасаддиларга вилоят ҳокимлиги ҳузурида алоҳида дирекция ташкил қилиб, мастер-режа ишлаб чиқиш ва йўл бўйидаги ерларни аукционга чиқариш топширилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+