Кўчалар ва кўп қаватли уйлар атрофида камида 10 млн туп узум экилади
Шавкат Мирзиёев мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш бўйича селектор ўтказди. Йил якунигача жами қуввати 57 минг тонна бўлган 10 та агрологистика маркази ишга туширилади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Озиқ-овқат экспорти ўтган йилга нисбатан 370 миллион долларга (1,2 баробар) ўсиб, 2 миллиард доллардан ошди.
Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича дунёда 3-ўринга, гилос ва шафтоли бўйича 6-7-ўринга, мош ва бошқа дуккакли маҳсулотлар бўйича 10-ўринга чиқди.
Биргина гилос 16 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Ҳар ҳафта 3-4 тонна узум АҚШга етказиб берилмоқда.
Экспорт Қорақалпоғистон ва Жиззахда 2,2 баробар, Хоразмда 1,8 баробар ва Сурхондарёда 1,6 баробар кўпайди.
Ижобий натижалар билан бирга, Президент таъкидлаганидек, айрим вилоят, туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлар ишни тўғри ташкил қилмагани учун маҳсулот ва экспорт ҳажмида катта ўзгариш сезилмаяпти.
Ери бошқалардан карра-карра кўп бўлган Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида ўсиш уларнинг имконияти ва шароитига мутлақо мос эмаслиги қайд этилди. Бухоро ва Сирдарё вилоятларининг экспорти ўтган йилги кўрсаткичга етмаяпти.
Шунингдек, 64 та туманда экспорт ўтган йилга нисбатан камайган бўлса, шундан 17 тасида 50 фоизга ҳам етмаган.
Ҳокимлар бугун дунёдаги оғир вазиятни ҳисобга олиб, ҳар куни изланиб, янги-янги имкониятлар топиб, ишга солиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди.
Йиғилишда дала четларига экин экиш ҳолати танқидий кўриб чиқилди.
Масалан, Қорақалпоғистонда дала четидаги 2,1 минг гектар, Фарғонада 1,2 минг, Самарқандда 826, Бухорода 784, Қашқадарёда 247 гектар ерлар ишлатилмасдан ётгани кўрсатиб ўтилди.
Баъзи жойларда деҳқонларга сифатсиз уруғ сотилган, зараркунандага қарши берилаётган дорилар ҳам талабга жавоб бермайди.
Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўсимликлар карантини агентлигига ҳокимлар, экспортчи, тажрибали кластер, кооперация ва фермерлар билан биргаликда озиқ-овқат экинларининг уруғи, кўчати, дориси, ўғити бўйича ишлашнинг янги тизимини ишлаб чиқиш топширилди.
Дала четини самарали ишлатган фермерларга тадбиркорлар рейтингини ҳисоблашда қўшимча балл берилади, ички фитосанитар сертификати бир йил давомида бепул берилади. Фермерларга барча ерлари учун ер солиғини икки йилга бўлиб тўлашга рухсат берилади.
“Оилавий тадбиркорлик” дастуридаги 100 миллион сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади.
Шу билан бирга, дала чети ҳисоби, нима маҳсулот етиштирилгани ва қанча маҳсулот олингани “e-Фито” портали орқали назорат қилиб борилади.
Шунингдек, ҳар бир маҳаллада камида 100 тадан хонадонга лимон, узум кўчати тарқатиш, кўчалар ва кўп қаватли уйлар атрофида аҳолининг ташаббуслари асосида камида 10 миллион туп узум экиш муҳимлиги таъкидланди.
Сайхунобод тажрибаси асосида 164 та қишлоқ туманларининг 4 тадан маҳалласига минитехника берилиши белгиланди. Ким минитракторда хизмат кўрсатса, ўзини ўзи банд қилган бўлади ва уларга мамлакатимизда чиқадиган техника учун 30 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.
Пишиқчилик даврида нарх тушиб кетиши оқибатида Сурхондарёда карам, лавлаги, Жиззахда пиёз ҳосили, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарёда тарвуз ҳосили охиригача йиғиб олинмагани кўрсатиб ўтилди.
Эҳтиёждан ортган ҳосилни қуритиб, озуқавий қўшимча шаклида экспорт қилиш мумкинлиги, бунга озиқ-овқат саноати корхоналарида талаб катталиги таъкидланди.
Келгуси йилда “шок” усулида музлатиш, озуқа қўшимчаси тайёрлаш бўйича 100 миллион долларлик 50 та лойиҳани ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.
Жорий йил якунигача жами қуввати 57 минг тонна бўлган 10 та агрологистика маркази, 230 минг тонналик совуткичли омборхонани ишга тушириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Вилоят ҳокимларига йил якунигача 14 минг, келгуси йили 29 минг гектар саноатлашган интенсив мевали боғ ва токзорларни барпо этиш топширилди.
Йиғилишда ҳокимлар томонидан экспортни бажариш учун бошқа вилоятдан келган тадбиркорларга тўсқинлик қилиш ҳоллари ҳалигача учраётгани кўрсатиб ўтилди. Оқибатда харидори ва маблағи тайёр экспортчилар маҳсулотсиз қолиб кетаяпти.
Бундан буён экспорт жараёнида фитосанитар сертификатда маҳсулот етиштирилган ҳудуд мажбурий кўрсатиладиган тизим бўлиши эълон қилинди. Шунда экспортчиларимиз сунъий тўсиқларга учрамайди.
Масъул идораларга божхона ва карантин маълумотлар базасини интеграция қилиб, бу тизимни ишлатиш топширилди.