Шавкат Мирзиёев тўқимачилик бўйича йиғилиш ўтказди
Вилоят ҳокимлари инвестиция бўйича ўринбосарлари фаолияти сустлиги, экспортчиларга кўмаклашишга эътиборсизлиги танқид қилинди. Тўқимачилик экспорти кутилган кўрсаткичдан 200 миллион доллар кам бўлган.
Президент раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўтган йили тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш 94 триллион сўмга етиб, сўнгги 7 йилда 4,2 баравар ошгани, 2023 йилда тармоқдаги экспорт 3,1 миллиард доллар бўлгани таъкидланди.
Шу билан бирга, охирги икки йилда жаҳон бозорида тўқимачилик маҳсулотига бўлган талаб камайгани қайд этилди. Бундан ташқари, асосий экспорт бозорларимизда валюта курси билан боғлиқ муаммолар юзага келди.
Шуни ҳисобига ўтган йилда тўқимачилик соҳаси экспорти кутилган кўрсаткичдан 200 миллион доллар кам бўлди.
Сўнгги ойларда тўқимачилик маҳсулотларимиз 3 та янги бозорга чиқди, экспорт географияси 83 та давлатга кенгайди.
Бироқ ҳанузгача экспортнинг қарийб 80 фоизи Россия, Хитой ва Туркия бозорларига тўғри келаётгани таъкидланди. Шунингдек, Европага экспортни кўпайтириш долзарб аҳамиятга эга.
Европа, Америка ва бошқа ривожланган давлатлар бозорига ёки брендларга экспорт ҳажмини ошириш учун корхонадан халқаро стандарт ва сертификат талаб этилади. Лекин, экспортчиларимизнинг 12 фоизигина бундай талабларга жавоб беради.
Вилоят ҳокимлари инвестиция бўйича ўринбосарларининг бу борадаги фаолияти сустлиги, экспортчиларга кўмаклашишга эътиборсизлиги танқид қилинди.
Бугунги кунда четдан юқори ҳосилдор уруғлик чигит келтириб, 100 минг гектарга экиш ишлари олиб борилмоқда.
Айни кунларда Хоразм 8 минг гектарга чигитни тўлиқ экиб бўлди. Андижон экишни яқинда тугатади. Қорақалпоғистон, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида экиш ишлари 10 фоиз, Қашқадарё, Наманган, Фарғонада 30 фоиз, Бухоро, Жиззах ва Сирдарёда 60 фоизга ҳам бормаслиги қайд этилди.
Мутасаддиларга бу борадаги ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Барча кластерлар фаолияти таҳлил қилиниб, улардаги хомашё ва айланма маблағ билан боғлиқ масалалар ўрганилди.
Чуқур қайта ишлашни жорий қилгани учун аксарият кластерлар яхши ишлаяпти, уларнинг фаолиятида кредитни қайтариш, ишлаб чиқаришнинг пасайиши билан боғлиқ муаммолар йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Айрим кластерларга эса бироз кўмак берилса, унумдорлик ва экспорт янада ошади. Мутасаддиларга кластерларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш топширилди.