platina.uz

Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятини танийсизми?

СССР давридаги номи сақлаб қолинган ва бугунга қадар номи ўзгартирилмаган саноқли вазирликлардан биридир.

Жамият
20 март, 20:03
Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятини танийсизми?

Ташқи ишлар вазирлиги – Вазирлар Маҳкамаси тизимига кирувчи ва Конституция, шунингдек, халқаро-ҳуқуқий меъёрларда белгиланган принциплардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органидир.

Вазирлик 1990 йилда расман ишга тушган. СССР давридаги номи сақлаб қолинган ва бугунга қадар номи ўзгартирилмаган саноқли вазирликлардан биридир.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 5 апрелдаги ПФ-5400 сон фармони асосида янада такомиллаштирилган.

Вазирликнинг алоҳида жиҳати шундаки, у ўз фаолиятини президентнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширади.

Вазирлик ҳузуридаги ташкилотлар

  • “Дипхорижхизмат”
  • Дунё ахборот агентлиги.
  • Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.

Қизиқ маълумот

Давлат хизматлари агентлиги – vacancy.argos.uz сайтида Ташқи ишлар вазирлигининг бўш иш ўринлари кўринмайди. Яъни вазирлик ўз аъзоларини танлов асосида қабул қилмайдиган саноқли ташкилотлардан бири. Юқори лавозимлар-ку майли, аммо вазирлик фаолияти ва бошқарувига деярли алоқасиз, фаррош, ҳайдовчи, механик ҳамда бошқа шу каби иш ўринлари бўшлиги ёки бўшагани ҳақида очиқ эълон берилмаган.

Вазир Саидов Бахтиёр Одилович 1981 йил 22 апрелда Самарқанд вилоятида туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавриат ва магистратура битирувчиси, Жаҳон савдо ташкилоти институтида (Швейцария) таҳсил олган. Бахтиёр Саидов Тошкент давлат педагогика университетининг PhD илмий даражасига эга.

Б.Саидов қарийб 20 йилдан буён давлат хизматида фаолият юритиб, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий манфаатларини илгари суриб келмоқда. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Цзянси университети фахрий профессори унвонига эга. 2018 йилда "Дўстлик" ордени, 2020 йилда Цзянси университети (Хитой) фахрий профессори, 2020 йилда ШҲТ “Ҳарбий соҳада дўстлик ва ҳамкорлик”ни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун кенгаш белгиси билан тақдирланган.

Ҳозирги лавозимга тайинлангунга қадар Халқ таълими вазири сифатида ишлаган.

Меҳнат фаолияти

  • 2002-2003 йилларда Ташқи ишлар вазирлигида стажёр;
  • 2003-2008 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг “Ўрта Осиё транс” давлат акциядорлик компанияси, “Ўзинфоинвест” агентлиги ва бошқа турли бўлинмаларида раҳбарлик лавозимлари;
  • 2009-2013 йилларда Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи;
  • 2013-2015 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг Халқаро шартномалар экспертизаси ва мониторинги бошқармаси бошлиғи;
  • 2015-2017 йилларда “Ўзбекенгилсаноат” АЖ раисининг биринчи ўринбосари – бош менежери;
  • 2017-2021 йилларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси, бир вақтнинг ўзида ўриндошлик асосида Мўғулистон ва Филиппиндаги элчиси;
  • 2009-2013 йилларда Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи;

Қизиқ маълумот

Бахтиёр Саидов Халқ таълими вазири экан, халқ таълими ходимларининг 280 минг нафари, яъни 56 фоиз қисмининг салоҳияти талаб даражасида эмаслиги ҳақида баёнот билан чиққан.

“Халқ таълимида бугунги қилинаётган ишларнинг натижасини 5-10 йилдан кейин кўрамиз”, деган эди Халқ таълими вазири сифатида фаолият юритган кезларида. Бундан ташқари, у Ўзбекистондаги мактабларнинг 20 фоизида инфратузилмаси муаммоли, бунга сабаб эса 1991 йилдан 2016 йилгача таълимга етарлича эътибор берилмаганини билдирган. У аввалги масъулларни айблашдан йироқлиги, “ўша пайтдаги вазият” тақозоси шундай бўлганини таъкидлаганди.

Биринчи ўринбосар Аълоев Бахромжон Журабоевич 1963 йил 20 апрелда Наманган вилоятида туғилган. Филология фанлари номзоди. Фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик мартабасига эга. Француз ва инглиз тилларини билади. Оилали, икки нафар фарзанди бор.

Ўринбосар Хамраев Эркин Жалилович 1969 йил 14 июнда Қашқадарё вилоятида туғилган. 1994 йил Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. 1-даражали адлия маслаҳатчиси. Инглиз тилини билади. Оилали, беш фарзанднинг отаси.

Ўринбосар Усманов Бобур Масудович 1984 йил 13 декабр куни Самарқанд шаҳрида туғилган. 2005 йили Тошкент давлат юридик институтини (бакалавриат), 2010 йили Давлат ва жамият қурилиши академиясини (магистратура) тамомлаган. 1-даражали адлия маслаҳатчиси. Инглиз тилини билади. Оилали, беш фарзанднинг отаси.

Ўринбосар Мадраҳимов Музаффарбeк Анварбeкович 1972 йил 18 мартда Тошкентда туғилган. 2014 йилдан 2017 йилгача Ўзбекистоннинг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги доимий вакили бўлган.

Ўринбосар Нуримбeтов Раҳматулла Ибрагимович 1977 йил 21 июнда Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида туғилган. Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD). 1994-1998 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, 2000-2002 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик институти (магистратура), 2008-2010 йилларда Ўзбекистон миллий университетини тамомлган. Немис, испан ва инглиз тилларини билади. Оилали, икки нафар фарзанди бор.

Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Иргашeв Исматулла Раимович 1960 йил 24 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1982 йилда Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик мартабасига эга. Форс, инглиз ва турк тилларини билади. Оилали, беш нафар фарзанди бор.

Ахборот хизмати раҳбари Бурханов Ахрор Тохирович аввал Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратида турли лавозимларда ишлаган.

Мафтуна Ёдгорова тайёрлади.


Камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги


Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


Инвестициялар вазирлиги


Қурилиш вазирлиги


Олий таълим вазирлиги


Рақамли технологиялар вазирлиги


Экология вазирлиги


Адлия вазирлиги


Бош прокуратура

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+