Зойир Мирзаев таъмирталаб пахса мактаблар учун маблағ ажратди
Жумладан, Бекободдаги мактаб учун 377,4 млн. сўм берилади.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг фармойиши билан бюджетдан 708,4 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу пул вилоят бюджетининг 2024 йил бошида шаклланган эркин маблағлари ҳисобидан тақдим этилади.
Мазкур пул вилоятдаги таъмирталаб, пахса деворли мактаблардаги қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари учун "Ягона буюртмачи хизмати" давлат унитар корхонасига берилади.
Маблағларни сарфлаш акс этган иловага кўра, уч мактабга пул берилади.
Жумладан, Бекобод туманидаги 26-мактабда 320 ўринли қўшимча бино қуриш учун 377,4 млн. сўм, Пискент туманидаги 19-мактабда 220 ўринли бино қуриш учун 171,8 млн. сўм ва Зангиота туманидаги 20-мактабда 120 ўринли ўқув биноси ва спорт зали қуриш харажатлари учун 159,2 млн. сўм ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввалроқ Жиззах вилояти ҳокими Тасвирий ойина харажатлари учун, Тошкент шаҳар ҳокими эса пойтахтдаги дренаж тизими учун пул ажратганди.