Умрадан қайтишдаги муаммолар сабаб бир киши қамоққа олинди
Бундан ташқари хусусий авиакомпания мансабдорларига нисбатан тергов ўтказилмоқда.
Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Умра сафаридан қайтишида юзага келган муаммолар сабаб айрим мансабдорларга иш очилди, бир киши қамоққа олинган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
"Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси томонидан ватандошларимизни Умра сафаридан қайтариш чоралари кўрмаган ҳамда бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий авикомпания мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят иши доирасида 1 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди" дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Туризм қўмитаси Умар сафаридан қайтишда қийинчиликка учраётган зиёратчилар ҳақида маълумот берганди.