platina.uz

Умрага кетганлар қайтиб келолмаяпти

Туризм қўмитаси ҳолат юзасидан баёнот эълон қилди. 

Жамият
6 февраль, 14:50
Умрага кетганлар қайтиб келолмаяпти

Тармоқларда Panorama airways томонидан парвозларнинг кечикиши туфайли ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Умра сафаридан қайта олмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарлар юзасидан Туризм қўмитаси маълумот берди.

Қўмита ҳолатга изоҳ бераркан, Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 8-августдаги 345-сонли “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини эслатган.

Қарорга мувофиқ, туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг “Умра” хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия олиш учун талаблар ва шартлар жорий этилган эди:

• Умра хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;

• Умра хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;

• Умра хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик;

• Умра хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш.

• 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш.

"Мазкур захирадан туроператор томонидан “Умра” хизматларини сифатсиз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчиларга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаш учун суд қарорига мувофиқ фойдаланилади.

Умра лицензиясига эга туроператорлар тўғрисидаги маълумотлар Туризм қўмитасининг “Uzbektourism.uz” ахборот порталига жойланиб, доимий равишда янгиланиб борилмоқда.

Афсуски хозирги пайтда айрим “тадбиркорлар” томонидан Умра тадбирларини амалга оширишда етарли тажриба ва кўникмаларга эга бўлмай, “Умра” лицензиясини олмасдан фуқароларимизнинг ишончига кириб, ноқонуний равишда ишлаб келиши учрамоқда. Туризм қўмитаси томонидан бундай маълумотлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилмоқда" дейилади муносабатда.

Умра хизматларини сифатсиз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчилар ўрнатилган тартибда мурожаат этишлари мумкинлигини ҳамда уларга етказилган моддий ва маънавий зарар суд қарорига мувофиқ ундириб берилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+