Генерал Омониллахон Ҳожиакбаров 15 йилга қамалди
У Электрон технологияларини ривожлантириш маркази раҳбари лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон Республикаси Электрон технологияларини ривожлантириш маркази (ЦРЭТ) раҳбари Омониллахон Ҳожиакбаров 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар берди.
Генерал-майор Омониллахон Ҳожиакбаров иши ҳарбий судда кўриб чиқилган. Суд уни Жиноят кодексининг 162-моддаси 1-қисми ва 301-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топган.
Жиноят кодексининг 162-моддаси 1-қисми давлат сирларини ошкор қилиш ҳақида бўлиб, биринчи қисм санкциясига кўра, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
301-моддаси 3-қисми “а” банди ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколати доирасидан четга чиқиш ҳолатлари учун жавобгарликни белгилайди. Бундай жиноят учун ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.





