Одилхон қори Исмоилов озодликка чиқди
У 2026 йил январида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, сохта тадбиркорлик ва бошқа айбловлар билан қамоққа олинганди ва ЖИБ Поп туман судининг 2026 йил 13 июлдаги ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

“Rayxon oilaviy milliy taomlari” таъсисчиси Одилхон Исмоиловга оид жиноят иши апелляция судида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Наманган вилояти судлари ахборот хизмати хабар берди.
Бугун ушбу жиноят иши бўйича апелляция суди ажрими эълон қилинган.
Маълум қилинишича, жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг бир қисми нақд пул шаклида депозит ҳисоб рақамига топширилган, Одилхон Исмоиловга тегишли мулк банкнинг талабига асосан банк балансига қабул қилиниши белгиланган. Шунингдек, хатланган мулклар соттирилиб, зарарни қоплашга йўналтирилган. Шу ва бошқа ҳолатлар эътиборга олинган ҳолда Одилхон Исмоиловга Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилиб, Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартли ҳисобланган ҳамда 3 йил синов муддати берилган.
Шу тариқа у суд залида қамоқдан озод қилинган.
Одилхон Исмоилов ЖИБ Поп туман судининг 2026 йил 13 июлдаги ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.
У 2010 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари бўлган. 2011 йилдан 2018 йил июлигача Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби ва «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаган. 2018 июлда эса Мусулмонлар идораси Исмоилов «тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатгани ва беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли» ишдан олинганини маълум қилган.





