Президент йиғилишида икки амалдор ишдан олинди
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев огоҳлантирилди.
Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида экспорт, инвестиция ва маҳаллий саноатда 2024 йилда турган вазифалар бўйича йиғилиш ўтказилмоқда.
Унда ўз тизимидаги камчиликлар ва сусткашлик учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ва Техник тартибга солиш агентлиги раҳбари Д.Саттаров лавозимидан озод қилинди.
Шу муносабат билан комплекс учун масъул Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев чорак якунигача ўзгариш қилмаса, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Инвестиция комплексига кирувчи вазир ва ҳокимларнинг режалари ва натижалари суст бўлган ўринбосарлари ишдан бўшатилиб, уларга аниқ KPI белгиланиши ва шундан кейин бир йил муддатга шартнома асосида ишга олиниши белгиланди. Натижага қараб шартнома узайтирилади ёки бекор қилинади.
Эслатиб ўтамиз, ишдан олинган ўринбосар Бадриддин Обидов тизимда 2018 йилдан бери ишлаб келаётганди.