platina.uz

Президент Жиззах вилояти бўйича асосий вазифаларни белгилаб берди

Маҳаллаларга  лидер тадбиркор – экспортчилар бириктирилади. Хонадонларга Оилавий тадбиркорлик дастуридан 33 миллион сўмдан, “Бизнесга биринчи қадам” дастуридан 17 миллион сўмдан кредит ажратади.

Иқтисод
9 апрель, 14:00
Президент Жиззах вилояти бўйича асосий вазифаларни белгилаб берди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда айтилишича, Жиззах вилоятида иқтисодиётни янги босқичга кўтариш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш учун мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаяпти. Вилоят ва туманлар раҳбариятининг бу борадаги фаолияти жуда сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги уч йилда Жиззахда йиллик айланмаси 1, 10 ва 100 миллиард сўмдан юқори корхоналар кўпайгани билан ўрта корхоналар сонининг ўсиш суръати кутилганидек бўлмаяпти.

Вилоят экин ерида етиштирилаётган маҳсулот бошқа вилоятларга нисбатан 2 баробар кам.

Ҳудуд саноатининг 80 фоизи 3 та тармоқ – автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари ҳиссасига тўғри келади. Фармацевтика, чарм-саноат, металлургия, мебелчилик, электротехника каби тармоқларнинг улуши жуда кам.

Ўрганишлар натижасида Жиззахнинг 13 та туманида иқтисодий туртки берадиган янги имконият ва захиралар аниқлангани таъкидланди. Президент ушбу имкониятларни Зарбдор тумани мисолида тушунтириб, уларни ишга солиш учун 130 миллиард сўм ажратишга топшириқ берди.

Зарбдор туманидаги “ДМ-1” каналидан сув ичадиган Истиқбол, Нурафшон, Намуна, Ғалаба маҳаллаларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинса, деҳқонларнинг 1 минг гектар ерида, шунингдек, туман ёшларига бўлиб берилган 3 минг гектарда қовун етиштириш ва уни қайта ишлаш орқали 28 миллион доллар экспорт қилиш мумкин.

Зарбдорни 12 минг гектар ерлари “ДМ-3” каналидан энг самарали бўлган ўзи оқар ёпиқ қувур усулида сув олишга мўлжалланган. Лекин унинг 160 километри яроқсиз ҳолга келган.

Мутасаддиларга канални таъмирлаш лойиҳасини келгуси йил инвестиция дастурига киритиш топширилди.

Шундай суғориш тармоғини Зомин туманига ҳам тортиб бориш муҳимлиги қайд этилди.

Зарбдор ҳудудидан ўтган Қўқон - Жиззах автомобиль йўли четидаги 55 гектар, Янгиободда 700 гектар эски пистазорларни янгилаб, 5 гектардан аҳолига бўлиб бериш таклифи маъқулланди.

Шунингдек, Зарбдорда сотилмай қолаётган 10 та ва хусусийлаштириш дастурига киритилган 6 та объектнинг бошланғич баҳосини 10 фоизгача пасайтириб, 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилса, тадбиркорлар лойиҳа қилиши ва 200 та иш ўрни яратилиши мумкинлиги таъкидланди.

Президент вилоят бўйича асосий вазифаларни белгилаб берди.

Жиззахда томорқаларни ишга солиш бўйича 309 та маҳаллага лидер тадбиркор – экспортчилар бириктирилиши белгиланди.

Лидер тадбиркор – экспортчи учун ҳар бир маҳалла ихтисослашувидан келиб чиқиб томорқада 50 миллион сўм даромад қиладиган молиявий хизмат пакети ишлаб чиқилади.

Бу борада банклар лидер тадбиркорларга айланма учун 3 йил муддатга 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратади, бюджет ҳисобидан агроном жалб қилиш, ўқитиш, маҳаллада йиғиш, сақлаш ва қуритиш пунктларини ташкил қилиш учун 1 миллиард сўмгача грантлар беради, хонадонларга Оилавий тадбиркорлик дастуридан 33 миллион сўмдан, “Бизнесга биринчи қадам” дастуридан 17 миллион сўмдан кредит ажратади.

Кам ҳосил бераётган ерлар 50-100 гектардан йирик лот шаклида, қолгани 1-5 гектардан лотларга бўлиниб, мева-сабзавот экадиганларга таклиф қилинади.

Йирик майдонда маҳсулот экадиганлар қолган кичик майдон эгаларини ҳам шу йўналишга тортади.

Шулар ҳисобига вилоятда мева-сабзавот етиштириш ҳажми икки йилда 3 миллион тоннага, кейинчалик 5 миллион тоннага олиб чиқилиши режа қилинган. Бу мос равишда қайта ишлаш ва экспортни ҳам 2-3 баробар оширишга замин бўлади.

Йиғилишда таъкидланганидек, автомобилсозликда йирик узелли йиғиш усулидан тўлиқ технологик циклга ўтилгани яхши натижа бўлди.

Эндиликда тармоқ раҳбарияти олдида келгуси уч йилда соҳага 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиб, автомобиль ишлаб чиқариш қувватини 100 мингтага ошириш, 10 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш вазифаси турибди.

Кооперация асосида 365 турдаги бутловчи қисмларни ўзимизда чиқаришни йўлга қўйиб, маҳаллийлаштириш даражасини 50 фоизга етказиш муҳимлиги қайд этилди.

Бу йил вилоятда 4,5 минг хонадонли 118 та уй-жой қуриш режа қилинган.

Давлатимиз раҳбари бу етарли эмаслигини қайд этиб, уй-жой қурилишини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. Дўстлик туманидаги “барак” уйлар ўрнида янги уй-жой қуриш тажрибаси асосида қолган туманлардаги 2 мингга яқин эски уйлар ўрнида 50 минг хонадонли замонавий уйлар қуриш дастурини тасдиқлаш топширилди.

Зомин, Бахмал ва Форишда ҳам уй-жой қуриш дастурлари бошланади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+