platina.uz

Маданият соҳаси ягона ахборот тизими орқали рақамлаштирилади

Вазирга кўра, бу коррупциявий омилларнинг олдини олади. 

Маданият
18 январь, 16:20
Маданият соҳаси ягона ахборот тизими орқали рақамлаштирилади

Маданият вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда айни пайтда ишлаб чиқилаётган ягона ахборот тизими доирасида вазирлик тизимида бошқарув жараёнларини рақамлаштириш, тизим ташкилотлари паспорти ва рейтингини шакллантириш, моддий техника базаси ҳисобини юритиш, инсон ресурсларини бошқариш, ижодий фаолиятни тартибга солиш ва рақамлаштиришга доир тақдимот тақдим этилди.

Вазир Озодбек Назарбеков соҳани рақамлаштириш орқали коррупциявий омилларнинг олдини олиш, тизимга доир маълумотларни прогнозлаштириш, олинган маълумотлар келгусидаги режаларни тўғри шакллантириш имконини беришини алоҳида таъкидлади.

“Aгар бу тизим ишга тушса, қаерда ғижжакчи кўпайиб кетяпти, қаерда дуторчиларни тайёрлаш оқсаяпти, барчасини беш қўлдай билишимиз ва ушбу маълумотлар асосида давлат квоталари миқдорини шакллантириш мумкин бўлади. Қолаверса, соҳадаги вазиятни олдиндан кўра билиш, шунга қараб келгусидаги режаларимизни прогнозлаштириш имконияти пайдо бўлади”, дея таъкидлади Озодбек Назарбеков.

Йиғилишда сўзга чиққан масъуллар соҳани рақамлаштириш орқали вазирлик томонидан кўрсатиладиган бир қанча давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш имкони яратилиши, бу еса, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқимизни рози қиладиган тизим яратилишига хизмат қилишини билдиришди.

Янги тизим тўлиқ ишга тушгандан сўнг республикадаги барча мусиқа ва санъат мактаблари, вазирлик тизимидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги ўқувчи ҳамда талабалар, педагогларнинг таркиби, уларнинг еришган натижалари, қайси ҳудудда санъатнинг қайси тури ривожланаётганию қайси тури оқсаётганига доир барча маълумотлардан фойдаланиш мумкин бўлади.

“Бу тизим республикамиздаги ёш истеъдодларни кузатиб бориш, муносиб рағбатлантириш, таниш-билишчилик ва бошқа омиллар туфайли улар ярим йўлда ривожланмай қолиб кетмаслиги, келгусида санъат ва маданият йўналишидаги ўрта махсус ёки олий таълим муассасаларига фақат муносиб номзодлар қабул қилинишига еришиш учун ҳам муҳим. Истеъдодларни турли қинғирликлар қурбони бўлишдан асраб-авайлашимиз керак. Бу жараёнда эса рақамлаштиришнинг ўрни жуда муҳим. Келгусида янги тизим ишга тушгач, ҳудудларга бориб мутасаддиларга энг истеъдодлари ёшларни кўрсатинг дейишимизга ҳожат қолмайди, қўлимизда бу маълумот бўлади. Масъуллар ҳам “ўзиникини” бизга “энг яхшилар” сифатида тақдим эта олмайди”, дейди маданият вазири.

Йиғилишда вазирнинг биринчи ўринбосари Aвазхон Таджиханов, вазир ўринбосари Муроджон Маджидов ва бошқа мутасаддилар янги ахборот тизимини такомиллаштириш, унинг муайян қисмидан аҳоли фойдаланиши учун имконият яратиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+