Маскатда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди
Ўзбекистон ва Ўмон маданий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма концертлар ташкил этиш ҳамда санъат таълими соҳасида тажриба алмашишни режалаштирмоқда.

2026 йил 12–13 ноябрь кунлари Ўмон пойтахти Маскат шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Тадбирлар доирасида ўзбек миллий санъати, мақом ва фольклор ижрочилиги, рақс ҳамда ҳунармандчилик намуналари намойиш этилди.
12 ноябрь куни Al Mouj мажмуасида тадбирларнинг тантанали очилиш маросими ва гала-концерт ташкил этилди. Унда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги делегация, Ўмон маданият, спорт ва ёшлар вазири Саййид Сауд бин Ҳилол бин Ҳамад Ал Бусаидий ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Ташриф доирасида икки мамлакат маданият вазирлари учрашиб, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Хусусан, 2027 йилда Ўзбекистонда Ўмон маданияти кунларини ўтказиш, икки давлат театрлари ва оркестрлари ўртасида ҳамкорлик ҳамда гастроль алмашинувларини йўлга қўйиш таклиф этилди. Шунингдек, санъат таълими муассасалари ўртасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Маданият кунлари доирасида ўзбек миллий ҳунармандчилиги кўргазмаси ҳам ташкил этилиб, халқ амалий санъати намуналари Ўмон жамоатчилигига тақдим қилинди.
13 ноябрь куни Ўзбекистон делегацияси Султон Қобус номидаги Маданият ва фан олий маркази раиси Ҳабиб Ал-Риямий билан учрашди ҳамда марказ фаолияти билан танишди. Дастур доирасида Султон Қобус жоме масжиди ва Ислом ахборот марказига ҳам ташриф буюрилди.
Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги маданий ҳамкорлик сўнгги йилларда халқаро фестиваллар, кўргазмалар ва маданий форумлар доирасида ривожланиб келмоқда. Маскатда ўтказилган маданият кунлари эса ушбу алоқаларни янада кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.





