Ўзбекистон Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига чидамли соғлиқни сақлаш тизимларини илгари сурмоқда
Марказий Осиёда ҳароратнинг кўтарилиши, узоқ давом этадиган экстремал иссиқлик даврлари, сув ресурсларининг қисқариши ҳамда қишлоқ хўжалигини юритиш шароитларининг ўзгариши аҳоли саломатлиги учун қўшимча хавфларни юзага келтирмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) доирасида, Анталия шаҳридаги Ўзбекистон Миллий павильонида “Иқлим хавфларидан соғлиқни сақлашнинг барқарор тизимларига: Марказий Осиёда гендер омилларини ҳисобга олган мослашувни молиялаштириш” мавзусида тематик тадбир бўлиб ўтди. Унда соғлиқни сақлаш тизимларини иқлим ўзгаришига мослаштиришни гендер жиҳатларини инобатга олган ҳолда молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Асосий эътибор иқлим ўзгариши, аҳоли саломатлиги ва гендер тенглиги ўртасидаги ўзаро боғлиқликка, шунингдек, мослашув чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва молиялаштиришда ушбу омилларни ҳисобга олиш заруратига қаратилди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Алишер Саломов Марказий Осиёда иқлим ўзгариши нафақат экологик муаммо, балки аҳоли саломатлиги, иқтисодий тараққиёт ва инсонлар фаровонлигига ҳам тобора кучли таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, аёллар, болалар ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларга кўпроқ дуч келмоқда. Шу боис иқлим сиёсати ва инвестицияларни жалб қилиш жараёнларида гендер омилларини инобатга олган ҳолда мослашув чораларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, Оролбўйи ҳудудига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ерда экологик инқироз оқибатлари аҳоли саломатлиги ва турмуш сифатига ҳамон салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Алишер Саломов Қорақалпоғистонда иқлим ўзгаришига чидамли оналик саломатлиги хизматларини ривожлантириш ҳамда хотин-қизларнинг даромад манбаларини қўллаб-қувватлаш борасида UNFPA ва GGGI ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Марказий Осиёда ҳароратнинг кўтарилиши, узоқ давом этадиган экстремал иссиқлик даврлари, сув ресурсларининг қисқариши ҳамда қишлоқ хўжалигини юритиш шароитларининг ўзгариши аҳоли саломатлиги учун қўшимча хавфларни юзага келтирмоқда. Айниқса, аёллар, ўсмир қизлар ва қишлоқ ҳудудлари аҳолиси мазкур оқибатлар олдида заиф қатлам бўлиб қолмоқда. Бу, хусусан, оналик ва репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти ҳамда тиббиёт инфратузилмасининг барқарорлиги масалаларида яққол намоён бўлмоқда.
Тадбир давомида GGGI ва UNFPA ушбу муаммоларни ҳал этишга қаратилган қўшма ёндашувни тақдим этди. У демографик сиёсат, оналик саломатлигини муҳофаза қилиш, гендер тенглиги, яшил ўсиш, иқлим молиялаштириши ва барқарор инфратузилма соҳаларидаги экспертлик салоҳиятини бирлаштиришга асосланган.

Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларида амалга оширилаётган амалий ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди.
Қирғиз Республикасида иқлим билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар шароитида шошилинч тиббий хизматларнинг узлуксиз фаолиятини таъминлашга қаратилган дастур шакллантирилмоқда.
Ўзбекистонда, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида иқлим ўзгаришига чидамли оналик саломатлигини муҳофаза қилиш тизими моделини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу модель, шунингдек, Оролбўйи минтақасидаги экологик ўзгаришлар оқибатида иқтисодий имкониятлари чекланган аёлларнинг даромад манбаларини қўллаб-қувватлашни ҳам назарда тутади.
Панель муҳокамаси давомида Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари давлат органлари, GGGI, UNFPA ҳамда халқаро молия институтлари вакиллари томонидан тиббиёт инфратузилмасини модернизация қилиш учун инвестицияларни жалб этиш, миллий мослашув режаларига иқлим ва гендер омилларини интеграция қилиш, маҳаллий ҳамжамиятлар барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда рақамли тиббий воситаларни ривожлантириш механизмлари муҳокама қилинди.





