Ўзбекистон Туркия билан экология ва иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади
Ҳужжатда иқлим ўзгаришини юмшатиш ва унинг оқибатларига мослашиш, табиий ресурслар ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш, атмосфера ҳавоси ва сув ресурсларининг ифлосланишининг олдини олиш ва бошқалар бўйича ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (UNFCCC COP31) доирасида, Туркиянинг Анталия шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда Туркия атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, чиқиндиларни бошқариш, барқарор шаҳарларни ривожлантириш ва углерод бозорлари соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Туркия атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ҳужжатда иқлим ўзгаришини юмшатиш ва унинг оқибатларига мослашиш, табиий ресурслар ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш, атмосфера ҳавоси ва сув ресурсларининг ифлосланишининг олдини олиш, чўлланиш ва ер деградациясига қарши курашиш, чиқиндиларни бошқариш, циркуляр иқтисодиёт ва экологик маданиятни ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш назарда тутилган. Шунингдек, томонлар ўзаро тажриба ва илғор амалиётлар алмашиш, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, экспертлар учрашувлари ҳамда мавзули тадбирлар ташкил этишга келишиб олдилар.
Учрашувда миллий иқлим мажбуриятларини инвестициялар учун жозибадор лойиҳаларга айлантиришга қаратилган BRIDGE ташаббуси, шунингдек, Туркиянинг 2027 йил 15–17 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Eco Expo Central Asia 2027” халқаро кўргазмасида иштирок этиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур Меморандумнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, экологик барқарорлик ва иқлим кун тартибидаги қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун амалий асос яратиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.





