platina.uz
Жамият

Ўзбекистон ва Туркия туроператорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди

Авиация соҳасида “Turkish Airlines” ва бошқа Туркия авиакомпаниялари билан шерикчилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар географияси ва имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди. 

Ўзбекистон ва Туркия туроператорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди

Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Акқулов Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой билан учрашув ўтказди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, шунингдек, икки давлат раҳбарларининг туризм соҳасини ривожлантириш ва халқлар ўртасидаги гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга қаратаётган эътибори алоҳида таъкидланди.

​Учрашув доирасида туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, Туркиянинг туризмни бошқариш, туристик ҳудудларни ривожлантириш, замонавий меҳмонхона инфратузилмасини шакллантириш ва рақамли технологиялардан фойдаланиш бўйича тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.

​Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия туроператорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш ҳамда форум ва B2B шаклидаги учрашувлар ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

​Туризм инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида Туркия инвесторлари иштирокида Ўзбекистон ҳудудларида замонавий меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш, шунингдек, турк халқаро меҳмонхона брендларини мамлакатга жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.

​Бундан ташқари, авиация соҳасида эса “Turkish Airlines” ва бошқа Туркия авиакомпаниялари билан шерикчилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар географияси ва имкониятларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

​Туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва соҳага доир лойиҳавий мастер-режалар тузиш мақсадида, жумладан, Каппадокия университети билан Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳузуридаги “Туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси” ДМ ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва мутахассисларни жалб қилиш таклифи илгари сурилди ва хориж томонидан қўллаб-қувватланди.

​Мулоқотда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Туркия бозорида кенг тарғиб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Туркия телерадиокомпанияси (TRT), Туркия Туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлиги (TGA) ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, медиа ва пресс-турлар ташкил этиш, рақамли платформалар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди.

​Жумладан, Туркия ҳудудида сақланиб қолган “Ўзбек карвонсаройлари”ни Ўзбекистон туризм ва маданият марказларига айлантириш ва улар орқали мамлакатимиз бой ва серқирра сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

​Шунингдек, зиёрат туризми, Имом Бухорий мероси, Ислом цивилизацияси маркази, кино ва сериаллар орқали Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Туркия аудиториясига етказиш бўйича қўшма медиалойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ўзаро муҳокама қилинди.

​Учрашувда Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) билан туризм ва таълим асосидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда грант маблағларини жалб қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

​Томонлар 2026 йил 25–27 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Ипак йўлида туризм” 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш масалаларини ҳам яқиндан муҳокама қилди.

​Хусусан, ярмарка доирасида “Ўзбекистон–Туркия” туризм бўйича Қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, Туркия туризм соҳаси вакилларини миллий стенд билан иштирок этишга таклиф қилиш, шунингдек, “Invest Forum” тадбирида Туркиянинг ҳамкор давлат сифатида иштирокини таъминлаш бўйича таклифлар билдирилди.

​

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid