Ўзбек ва турк санъат усталари Тошкентда қўшма концерт ўтказди
Концертнинг турк қисмида "Cemreler", "Şaman", "Kara Toprak", "Acı Hayat", "Bahça Duvarı", "Azeri veya Yolcu", "Cengi", "Kafkas", "Gönül Dağı", "Meni Sevip Qalsaydın", "Kulada Sevdiğim" каби турк мусиқа санъатининг машҳур намуналари ижро этилди. Ўзбек мумтоз мусиқасига бағишланган қисмда эса Алишер Навоий ғазали асосидаги "Оҳки" ҳамда "Айлаб келинг" асарлари тақдим этилди. Бундан ташқари, икки давлат вакиллари ҳамкорлик учрашуви ўтказди.

“Ўзбекистон–Туркия маданият ва санъат учрашувлари — Турк кино кунлари” маданий тадбирлари доирасида Тошкент шаҳридаги "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида ўзбек ва турк санъат усталарининг қўшма концерти бўлиб ўтди.
Концерт дастури аввалида Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой нутқ қилди.
“Бугун биз учун ниҳоятда қадрли ва улуғ бир кунда — дўст ва қардош Ўзбекистоннинг 35 йиллик Мустақиллик юбилейи муносабати билан сизлар билан бирга бўлиб турганимдан жуда мамнун ва шарафлиман. Сизларни Ўзбекистон Республикасидаги барча дўстларимиз ва қардошларимизга, Ўзбекистон халқига Туркия Республикаси номидан самимий меҳр, ҳурмат ва эзгу тилакларимни изҳор этган ҳолда қутлайман. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик кунини энг самимий тилакларим билан муборакбод этаман. Дўст ва қардош Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва хотиржамлик тилайман. Президентимиз муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған жанобларининг ҳам салом ва эзгу тилакларини қардош Ўзбекистон халқига етказаман. Туркия ва Ўзбекистон асрлар давомида шаклланган мустаҳкам ришталар билан бир-бирига боғланган икки буюк мамлакатдир. Мамлакатимиз Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олган биринчи давлат бўлган. Ўша кунлардаёқ икки дўст ва қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг энг мустаҳкам пойдеворларидан бири яратилган. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида муштарак тарихимиз, маданиятимиз ва цивилизацион меросимизга асосланган чуқур ва мустаҳкам алоқалар мавжуд. Ушбу умумий мерос изларини Самарқанддан Бухорога, Хивадан Тошкентга қадар ушбу қадимий заминнинг ҳар бир гўшасида кўриш мумкин. Имом Бухорий, Беруний, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий сингари буюк аллома ва мутафаккирларнинг илм-фан, тафаккур ва адабиёт соҳаларида яратган бебаҳо асарлари бугунги кунда Туркия ва Ўзбекистоннинг умумий маданий хазинасининг муҳим қисмларини ташкил этади. Бироқ муштарак меросимиз фақат ўтмишгагина тегишли эмас. Биз бу меросни бугун ҳам биргаликда асраб-авайлаб, маданият ва санъат орқали келажак авлодларга етказмоқдамиз. Бугун кечқурун бу ерда ўтказилаётган Туркия–Ўзбекистон маданият ва санъат учрашувлари ҳам бунинг ёрқин намунасидир” – деди Меҳмет Нури Эрсой нутқи давомида.
Сўнг, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам нутқ қилди.
“Бугун Ўзбекистон халқининг энг улуғ байрами – Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тантаналари муносабати билан ташкил этилган концерт дастури учун турк қардошларимизга миннатдорлик билдирамиз. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу ташаббусни илгари сургани учун Туркия Республикаси Ҳукуматига, Маданият ва туризм вазирлигига, азиз биродарим ҳурматли Меҳмет Нури Эрсой жанобларига ҳамда барча туркиялик ҳамкасбларимизга чуқур миннатдорлик билдираман. Албатта халқларимиз биродарлик ришталарини мустаҳкамлашда икки давлат Раҳбарларини ўрни беқиёсдир. Ҳурматли Президентларимизнинг ташаббуслари билан маданият соҳасидаги ҳамкорлигимиз юқори даражага кўтарилди. Биз тарихни бирга ўқиган халқлармиз. Мовароуннаҳр ва Анадолу заминларида камол топган буюк алломалар, мутафаккирлар, шоир ва санъаткорларнинг бебаҳо мероси халқларимизни асрлар давомида бир-бирига яқинлаштириб келган.
Албатта, бугун бу саҳнада янграйдиган куй-қўшиқлар, намойиш этиладиган санъат намуналари икки қардош халқнинг муштарак руҳини, ўзаро ҳурмати ва самимий дўстлигини тараннум этади. Шу маънода, бугунги концертни оддий маданий тадбир деб эмас, балки икки қардош халқ қалбларининг мулоқоти, деб қабул қилишимиз керак” – деди Озодбек Назарбеков.
Тантанали концерт дастурида икки қардош халқнинг миллий мусиқа, қўшиқ ва рақс санъати намуналари, шунингдек, замонавий ижод намуналари тақдим этилди. Концерт аввалида буюк саркарда ва давлат арбоби Жалолиддин Мангуберди образи саҳна кўриниши орқали гавдалантирилиб, ушбу ролни актёр Аҳрор Алижонов ижро этди. Шундан сўнг "Браво" оркестри ижросида "Мендирман Жалолиддин" қўшиғи янгради. "Тумор" давлат рақс ансамбли томонидан "Ўзбегим рақслари" хореографик композицияси намойиш этилди. Концертнинг турк қисмида "Cemreler", "Şaman", "Kara Toprak", "Acı Hayat", "Bahça Duvarı", "Azeri veya Yolcu", "Cengi", "Kafkas", "Gönül Dağı", "Meni Sevip Qalsaydın", "Kulada Sevdiğim" каби турк мусиқа санъатининг машҳур намуналари ижро этилди. Ўзбек мумтоз мусиқасига бағишланган қисмда эса Алишер Навоий ғазали асосидаги "Оҳки" ҳамда "Айлаб келинг" асарлари Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли хонандалари томонидан ижро этилди. Шунингдек, "Бек" доирачилар гуруҳи ҳамда "Шукрона" дуторчи қизлар ансамбли иштирокида "Садо" мусиқий композицияси тақдим этилди.
Концерт дастуридан Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов ижросидаги "Gladiator" асари, турк фильмларига ишланган саундтреклардан тайёрланган попурри ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Ильёс Арабов ижросидаги "Мавриги" асари ҳам ўрин олди. Концертнинг якуний қисмида "Хоразм термалари" хореографик композицияси ҳамда "Потпори" мусиқий дастури намойиш этилди.
Эслатиб ўтамиз, маданий тадбирларнинг яна бир муҳим йўналишларидан бири — "Турк кино кунлари" бўлиб, унинг тантанали очилиш маросими 25 сентябр куни бўлиб ўтади. Очилиш маросимида Туркия кинематографиясининг таниқли вакиллари — актёрлар Энгин Алтан Дюзятан, Ўзге Гюрель, Серкан Чайоғлу, Дениз Барут ва Эмре Караел иштирок этиб, ўзбек томошабинлари билан учрашадилар. Кино кунлари доирасида турк кинематографиясининг сара намуналари намойиш этилади.
Шунингдек, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган учрашувда маданият ва санъат соҳасидаги Ўзбекистон–Туркия муносабатларининг бугунги ҳолати, мавжуд ҳамкорлик йўналишлари ҳамда уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар икки мамлакат халқларининг муштарак тарихи, маданияти ва қадриятларига таянган ҳолда изчил ривожланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида 2018 йил 30 апрелда имзоланган “Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Битим” икки томонлама маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини ташкил этади. Шунингдек, 2024 йил 6 июнь куни расмий ташриф доирасида “Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида маданият соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги баённома” имзоланган бўлиб, ушбу ҳужжатлар асосида сўнгги йилларда икки мамлакатнинг маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилиб, ўзаро маданий алмашинувлар, ижодий учрашувлар ва қўшма лойиҳалар кўлами кенгайиб бормоқда.
Мазкур ҳуқуқий асос доирасида маданият ва санъат соҳасида тажриба алмашиш, ижодий жамоалар ва санъаткорлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш, маданий тадбирлар ташкил этиш, кино, театр, мусиқа, адабиёт ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик изчил давом эттирилмоқда. Учрашувда маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, икки мамлакат маданият муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ижодий алмашинувларни фаоллаштириш ҳамда қўшма маданий лойиҳаларни кўпайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги мавжуд ҳамкорлик механизмларидан самарали фойдаланиш, маданият ва санъатнинг турли йўналишларида янги ташаббусларни илгари суриш ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.




