platina.uz

Хитойда аҳоли кескин қисқаришни бошлади

Бир йиллик камайиш Ўзбекистоннинг қарийб битта вилояти аҳолиси билан тенг.

Жаҳон
17 январь, 14:59
Хитойда аҳоли кескин қисқаришни бошлади

2023 йилда Хитойнинг умумий аҳолиси 2,08 миллион кишига қисқарди. Бу ҳақда ХХР Давлат статистика бошқармасига таяниб, Reuters агентлиги хабар берди. Бу 1961 йилдан бери илк қисқариш юз берган 2022 йилдагига (- 850 минг кишига) қараганда анча юқори.

Aҳолининг камайишига сабаб туғилишнинг рекорд даражада пастлиги ва коронавирусга қарши қатъий чоралар бекор қилинганидан кейинги ўлим тўлқини бўлди. Ўтган йили жами ўлимлар 6,6 фоизга ўсиб, 11,1 миллион кишини ташкил қилди, ўлим даражаси 1974 йилдан бери энг юқори даражага етди.

Хитойда янги туғилган чақалоқлар сони ҳам 5,7 фоизга камайиб, 9,02 миллион нафарни ташкил этди, туғилиш коэффициенти эса рекорд даражада паст бўлди — ҳар минг кишига 6,39 бола. 1980 йилдан 2015 йилгача олиб борилган "бир бола - бир оила" сиёсати ва жадал урбанизация натижасида мамлакатда туғилиш даражаси кескин пасайиб бормоқда.

Хитойда эркаклар сони 720,32 миллион кишига (0,2 фоизга пасайиш), аёллар сони 689,35 миллион кишига (0,04 фоизга камайиш) етди. Меҳнат ёшидаги (16 ёшдан 59 ёшгача) фуқаролар улуши 61,3 фоизни ташкил этди - 2022 йилга нисбатан 0,7 фоизга кам. Мамлакатда 65 ёшдан ошганлар эса 216,76 миллион киши бўлиб, уларнинг сони 3,3 фоизга ошган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда эса сўнгги йилларда аҳолининг жадал ўсиши тенденцияси кузатилмоқда. 2023 йилнинг ўзида 960 мингдан ошиқ чақалоқ дунёга келган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+