platina.uz

Хитой аҳолиси камайиб бормоқда

Охирги 60 йил ичида Хитой аҳолиси катта суръатлар билан камая бошлаган. Ўтган йили ҳиндистонликлар 1 млрд 425 млн кишига етгани муносабати билан, Хитой дунёдаги энг аҳолиси кўп мамлакат мақомини Ҳиндистонга бой берди. 

Мақола
6 октябрь, 10:32
Хитой аҳолиси камайиб бормоқда

Хитой ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакатда туғилиш коэффиценти икки йилдан бери мунтазам пасайиб бормоқда: бу кўрсаткич ҳар 1000 киши ҳисобига 6,39 промиллига тушиб қолган бўлиб, Шарқий Осиёдаги бошқа ривожланган давлатлар – Япония ва Жанубий Корея даражасига деярли тенг.

Дунёда одам кўпаймоқда, Хитойда эса акси

Сайёрамизда ҳозир 7,2 млрд киши яшайди. БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт департаменти тайёрлаган ҳисоботда келтирилишича, 2025 йилга бориб Ер аҳолиси сони 8 млрд дан, 2050 йилга бориб, 9,5 млрд дан ортиши кутилмоқда.

Бу кўпайиш асосан ривожланаётган мамлакатлар ҳисобига юз беради. Ривожланган давлатларда эса аҳоли миқдори деярли ўзгармайди, Европада аҳоли камайиб бораверади.

Хитойда эса 2023 йил якунида аҳоли сони 1,409 млрд кишини ташкил этган бўлиб, бу 2022 йилга нисбатан 2,08 млн кишига кам деганидир. Охирги 60 йил ичида Хитой аҳолиси катта суръатлар билан камая бошлаган. Ўтган йили ҳиндистонликлар 1 млрд 425 млн кишига етгани муносабати билан, Хитой дунёдаги энг аҳолиси кўп мамлакат мақомини Ҳиндистонга бой берди.

Мазкур демографик ҳодисанинг Хитойга, шунингдек, глобал иқтисодиёт ва сиёсатга таъсири катта, албатта.

Aҳоли сонининг камайиши сабаблари

1. “Бир оилада – бир бола” сиёсати. Хитойнинг демографик таназзулга учрашининг асосий сабабларидан бири - 1979 йилда жорий этилган туғилишни назорат қилиш бўйича узоқ муддатли сиёсат ҳисобланади. Aҳолининг тез ўсишига қарши курашишга қаратилган ушбу дастур бир оилага тўғри келадиган болалар сонини сезиларли даражада қисқартирди. 2016 йилда мазкур кескин сиёсат юмшатилди. Ҳатто хитойликларни оила қуришга рағбатлантирадиган субсидиялар ҳам жорий этилган бўлсада, “бир бола сиёсати”унинг узоқ муддатли таъсири бугунги кунда ҳам сезилмоқда. 2021 йилда 3 нафаргача болага рухсат берилиши ҳам мамлакатдаги демографик “жарлик”ни тўлиқ қоплай олмади.

2. Aҳолининг қариши. Хитой аҳолисининг катта қисми пенсия ёшига етди, қариялар улуши ёшлар миқдоридан ошиб бормоқда. Прогнозларга кўра, 2035 йилга бориб, пенсия ёшидаги хитойликлар 60 фоизга ортиб, 400 млн кишига етади. Бу эса бутун мамлакат аҳолисининг учдан бири деганидир. Ушбу ҳолат меҳнатга лаёқатли ишчи кучини қисқартиради, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам тизимига босимни кучайтиради.

3. Иқтисодий ва ижтимоий омиллар. Турмуш даражасининг кўтарилиши ва урбанизация ҳам муҳим рол ўйнамоқда. Хитойда шаҳарликлар улуши ортиб бормоқда. Кўпроқ оилалар кам болали ҳаёт тарзини танлашяпти. Шаҳарларда болаларни тарбиялаш, таълим ва соғлиқни сақлаш харажатлари катта, бу эса кўпроқ фарзанд кўриш истагини камайтиради. Шунингдек, аҳоли ҳаёт кечиришнинг қимматилигини баҳона қилиб, “ортиқча” болага вақт ва куч сарфлагиси келмаяпти.

4. Aнъаналар ва оилавий қадриятларнинг ўзгариши. Замонавий хитойлик оилалар кўпроқ мартаба ўсиши ва шахсий амбицияларни танлашмоқда. Яъни, бироз “худбинлик” қилиб, асосан ўзларига - ишда карьера ва шахсий ўсишга эътибор қаратишяпти. Аёллар ҳам ўзини ишга бағишлаяпти, оила қуриш, фарзанд кўришни кечиктириш ёки “фарзандсиз ҳаёт” (childfree) йўлини танлашмоқда.

Ижобий ва салбий оқибатлар

Хитой аҳолисининг қисқариши ижобий ва салбий жиҳатларга эга.

Ижобий оқибатлар:

• Табиий ресурсларга босим камаяди. Aҳоли сонининг камайиши натижасида сув, озиқ-овқат ва энергияга бўлган талаб камаяди, бу эса экологик муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.

• Ҳаёт сифати яхшиланади. Aҳолининг камайиши иш ўринлари ва ресурслар учун рақобатни камайтириш орқали турмуш даражасининг ортишига эришиш мумкин.

• Самарадорлик ва янги технологияларга эътибор кучаяди. Ишчи кучи камайгани боис Хитой маҳсулдорликни ошириш учун автоматлаштириш ва технологик инновацияларга кўпроқ таяна бошлайди.

Салбий оқибатлар:

• Иқтисодий фаолликнинг пасайиши. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг камайиши умумий ишлаб чиқаришнинг пасайишига ва иқтисодий регрессга олиб келади.

Бундай натижа 2023 йилдаёқ “бўй кўрсата” бошлади: ҳукумат кўчмас мулк соҳасидаги инқироз, истеъмол сарфларининг тушиб кетиши ва ёшлар ўртасида рекорд миқдорда ишсизлик (21,3%) каби муаммоларга дуч келди.

Ўтган йилда Хитойда иқтисодий ўсиш суръатлари охирги 30 йил ичида энг кам бўлди - 2023 йилда ЯИМ 5,2 фоизга ўсиб, 126 трлн юанни (17,5 трлн доллар) ташкил этди холос.

• Демографик номутаносиблик. Aҳолининг кескин қариши ижтимоий дастурлар ва соғлиқни сақлашга босим ўтказмоқда. Ёшларнинг камайиши кексаларни қўллаб-қувватловчи одамлар камайишини англатади, бу эса ижтимоий ҳимоя муаммоларини янада кучайтиради.

• Пенсия тизими учун хавфлар. Ишчи кучининг қисқариши мавжуд пенсия режаларини сақлаб қолишни қийинлаштиради. Содда қилиб айтганда, кўп миқдордаги қарияларга пенсия бериш учун кам миқдордаги ёшлар зўриқиб ишлашига тўғри келади.

Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатига таъсири

Хитой аҳолисининг қисқариши нафақат мамлакат учун, балки жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати учун ҳам жиддий оқибатларга олиб келади.

1. Жаҳон иқтисодий ўсиш суръатлари секинлашади. Хитой "дунё фабрикаси" сифатида ўнлаб йиллар давомида глобал иқтисодий ўсишга ҳисса қўшди. Ўзига хос тизим ва механизмлар шаклланиб, Хитой унда ҳал қилувчи мақомни эгаллади. Иш кучи ва ички талабнинг пасайиши Хитойнинг иқтисодий ўсишини секинлаштириши, бундай ўзгариш эса жаҳон иқтисодиётига, айниқса савдо ва сармояси Хитой билан чамбарчас боғлиқ бўлган мамлакатларга таъсир қилиши мумкин.

2. Глобал ишлаб чиқариш занжирларини ўзгартириш зарурияти пайдо бўлади. Ишчи кучининг камайиши ва ишлаб чиқариш таннархининг ошиши туфайли компаниялар ўз фабрикаларини Вьетнам, Ҳиндистон ва Бангладеш каби ишчи кучи арзонроқ бўлган бошқа мамлакатларга кўчиришга мажбур бўлишлари мумкин. Бу саноат ўсишининг янги марказларини яратади, лекин Хитойнинг жаҳон иқтисодиётидаги ролини заифлаштиради.

3. Сиёсий беқарорлик. Иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва аҳолининг қариши натижасида Хитой янги сиёсий муаммоларга дуч келиши мумкин. Маиший норозилик ва ижтимоий танглик кучайиш эҳтимоли мавжуд. Айниқса ҳукумат кекса аҳолини тегишли ижтимоий ҳимоя ва турмуш даражасини таъминлай олмаса, ижтимоий инқироз янада чуқурлашади.

4. Жаҳон бозорларига таъсири. Хитойнинг импорт қилинадиган товарларга бўлган талабининг пасайиши Aвстралия ва Бразилия каби йирик товар экспорт қилувчи мамлакатларга салбий таъсир қилиши мумкин. Шу билан бирга, Хитой ишлаб чиқаришининг қисқариши баъзи товарларнинг танқислигига олиб келади ва бошқа мамлакатларда инфляциянинг ортишига сабабчи бўлади.

Ҳар ишда мўътадиллик ва мувозанат муҳим

Хитой аҳолисининг камайиши мураккаб ва кўп қиррали жараён бўлиб, унга тарихий демографик кўрсаткичлар ҳамда иқтисодий ва ижтимоий омиллар сабаб бўлмоқда. Бу ҳодиса Хитой учун ҳам ижобий, ҳам салбий оқибатларга олиб келади, унинг таъсири ҳатто мамлакат чегараларидан ҳам ташқарига чиқади. Хитойнинг демографик тизимидаги ўзгаришлар жаҳон иқтисодиётини ўзгартириши ва дунёдаги сиёсий кучлар мувозанатига таъсир қилиши ҳам мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+