Портлаш бўйича комиссия тузилди
Комиссия фавқулодда ҳолатни ўрганиб, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.
Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган омборхонада содир бўлган портлаш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби маълум қилди.
Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси фавқулодда ҳолатни ўрганиб, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.
Бу бўйича президент Шавкат Мирзиёев топшириқ берди. Комиссия ҳудудда олиб бораётган ишлар юзасидан ахборот бериб борилади.
Эслатиб ўтамиз, бугун кечаси Сергелидаги омборда кучли портлаш бўлган, ҳолатни ўрганиш учун воқеа жойига бош вазир ва бошқа масъуллар етиб борган.
Ҳозирча битта қурбон — ўсмир бола дераза ойнаси босиб қолиши оқибатида вафот этгани тасдиқланди. Бошқа қурбонлар сони аниқлаштирилмоқда.