“Юз-қўлларимиз қонлигини пастга тушиб билдик” – Сергелидаги портлашда жабр кўрганлар
“Ҳалиям шокдаман, кун бўйи бир неча марта қон босимим учун дори ичяпман, энди кредитини итдай ишлаб тўлаб бўлгандим. Шу ҳам бормиди?”, зорланади қимирлаб қолган деворни кўрсатиб бир ўқитувчи аёл.
Сергелидаги кучли портлашдан кейин аҳолига кўрсатилаётган амалий ва гуманитар ёрдамлар билан танишиш учун манзилга бордим. Қурувчилар метрога етмасимдан бир-икки бекат олдин кўпгина мактаб ўқувчилари поездга чиқишди.
— Устоз, менга у мактаб ёқмади. Эртага ўзимизнинг мактабга борайлик!
— Бизнинг мактаб тўкилиб ётибдию, қаерида ўқиймиз?
Устозлари жим. Ўйлаяпман. Аҳволни ҳис қилишни бошлаяпман. Йўл сўрадим, “қизим, метродан чиқишингиз билан кўринади, кўрмай ўтиб кетадиган жой эмас”, дейишди. Ҳудудни ажратиб қўйишган давлат ва фуқоролар хизматидаги ҳамма шу ерда. Қайта тиклаш ишлари аллақачон бошлаб юборилган.
Муҳитни ҳис қилишимга озроқ вақт кетди. Сўнг кўзимга биринчи кўринган нарса деразалар эди. Портлаган омборхонанинг шундоққина олдида йўлнинг бу юзидаги кўп қаватли уйлар олдидаман. Деразалар умуман қолмаган, ярим қисмида қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда, ҳали навбат етмаган ойналарга халқ топган-тутганини тутиб қўйган. Ойнаси синиб тушган машина, қурилган палаткалар, автобуслар, тез тиббий ёрдам машиналари ва ободонлаштириш ходимлари фавқулодда муҳит яратмоқда.
Аҳоли яшаётган ҳудудга кириб, одамлардан ҳол-аҳвол сўрадим. Ўн икки ёшли қизи билан яшаётган опа "қизимга ҳеч нарса қилмади, аммо мени", дейдию ойна тилган қўл-оёқларини кўрсатади. “Қўрқанимдан билмабман, ҳозир икки-уч жойимни тикишган”, дейди. Бугун тунда қаерда эдингиз, дедим хавотир олиб. “Кеча кечқурун уйда ётмоқчи эдик, эшик, дераза бўлмаса ҳам, чунки Тошкентда бошқа яқинимиз йўқ. Аммо қўйишмади. Меҳмонхонага олиб кетишди. Эрталаб нонушта қилиб келдик. Тушликка ош тарқатишди”, дейди муҳими қизи яхшилигидан мамнун она.
“Шу тунда қизим билан уйқумиз келмади. Бир пайт деразадан ёнғинни кўрдик. Кейин керакли нарсаларимизни йиғишни бошладик. Ҳали эшикни очмасимиздан орқадан зарба келди. Эшик билан бирга ташқарига чиқиб қолдик”, дейди жиянининг қўрққанидан лифт ишлайди деб ўйлаб унга югурган, аммо натижада лифт олдида жароҳатланганини айтаётган хола.
Кўп қаватли уйнинг юқорисига кўтарилар эканман, талафот бир мунча енгиллашаётгандай, аммо ҳар бир қаватга кўтарилиш қийин бўляпти. Чунки зиналарда ўша куни қўрқувдан нима бўлаётганини билиб-билмай пастга югурганларнинг қотган қонлари...
“Портлаш овозидан уйғондик. Қарасак, ҳаммаёқ қизил, тутун. Жон ҳолатда болалар хонасига югурдик, улар бизни кўриб йиғларди. Турмуш ўртоғим билан уларни маҳкам қучоқлаб пастга тушдик. Тез ёрдам машинаси олдига борганда эрим билан юз-қўлларимиз қон эканини билдик. Болалар бизни кўриб қўрқишаётган экан”, деб юзларига бинт боғланганча йиғламсирайди. “Бугун тунда болаларимни ухлатолмадим, — дейди гапини давом эттириб, — ўғлим "ойи, бугун ҳам пақилласа-чи?", деб сўрайверди. Улар ҳозир акамникида, уйга бормаймиз дейишяпти”, болалари қўрқиб қолганини хавотир билан айтади бояқиш она.
“Аёлимга қарама, десам ҳам, қаради. Юзига шиша синиқлари кирган, ҳозир шифохонада”, дейди бир амакининг жаҳли чиқиб.
“Ҳалиям шокдаман, кун бўйи бир неча марта қон босимим учун дори ичяпман, энди кредитини итдай ишлаб тўлаб бўлгандим. Шу ҳам бормиди?”, зорланади қимирлаб қолган деворни кўрсатиб бир ўқитувчи аёл.
Одамлар билан гаплашиб, ўша қон зиналардан пастга тушяпман. Энди сездим, қон қолдиқлари пастга тушганим сари кўпайиб боряпти. Мени хурсанд қилгани — ёрдамларнинг вақтида қилинаётгани. Кўряпман, уйидаги тиклаш ишлари битгунча бир она йиғлаётган боласини ҳовлида овутиб юрибди.
Халқимиз жуда меҳрибон, қаерда бир-бирини кўраётганлар "қўшни, тинчмисизлар, соғмисизлар?", деб ҳол-аҳвол сўрайди. Хавотир олади, қайғуради. У ердан уч-тўрт соатда зўрға чиқиб кетдим. Юзларимда, сочларимда чанг, кўзимда ёш, ичимда бир ғашлик билан қайтдим...
Фазилат Соиб