Болаларни заҳарлаган дорини ишлаб чиқарган корхона раҳбари қидирилмоқда
У АҚШ божхона ва иммиграция назорати хизмати томонидан қидирувга берилган, одам савдоси ва фирибгарликда айблангани ҳақида хабарлар тарқалганди.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг Фармацевтика фаолиятини лицензсиялаш бошқармаси “Антиструмин” дорисини ишлаб чиқарган “САМО” МЧЖ корхонасида фармацевтик фаолият бўйича текширув бошлаган.
Сал аввал ушбу МЧЖ раҳбари Нодир Юнусов АҚШ божхона ва иммиграция назорати хизмати томонидан қидирувга берилган, улар одам савдоси ва фирибгарликда айблангани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Текширув давомида дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига, жумладан:
- зарур ишлаб чиқариш амалиёти;
- зарур дистрибюторлик амалиёти;
- зарур сақлаш амалиёти давлат стандартларига, дори воситаларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва улгуржи реализация қилиш доирасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиш;
- корхона томонидан мажбурий риоя қилиш шарт бўлган лицензия талаб ва шартлари бўйича ҳолатлар ўрганилмоқда.
Шунингдек, “Антиструмин” дори воситасининг хавфсизлик кўрсатгичлари бўйича ўрнатилган тартибда таҳлил жараёнлари кетмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Чуст туманида оммавий заҳарланиш кузатилган, кейинроқ бу ҳолат Андижонда ҳам содир бўлган. Вазият эса президент томонидан назоратга олинган. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари эса болалар овқат ё доридан заҳарланмаганини айтганди.