Бугунги кучли шамоллар,  чанг-тўзон ва ғубор яна қанча давом этади?

Platina.uz  “Ўзгидромет”дан ана шу саволга жавоб олди.

Жамият
11 сентябрь 2023 йил
Бугунги кучли шамоллар,  чанг-тўзон ва ғубор яна қанча давом этади?

Бугун пойтахт Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида чанг-тўзонли об-ҳаво кузатилди. “Ўзгидромет” ушбу ҳолатнинг қанча давом этиши бўйича маълумот берди. 

“2023 йил 10 сентябрда республиканинг шимолий-ғарбий ҳудудларига, 11 сентябрда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига Кавказ худудидан салқин ва нисбатан нам ҳаво оқимлари кириб келди. Ғарбий оқим фронти республиканинг кўпчилик ҳудудларида баъзи жойларда шамол тезлиги 13-17 м/с гача, жанубда ва чўл ҳудудларда 20 м/с кучайишига олиб келди. Хоразм, Бухоро, Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида шамол чанг-тўзон билан қайд этилди, кўринувчанлик 500-2000 метргача ёмонлашди.

Куннинг иккинчи ярмида фронтал булутли чизиқ Тошкентнинг ғарбий туманларига яқинлашди. Соат 15:05 дан 16:00 гача Тошкентда шамол тезлиги 10-12 м/с гача кучайиши кузатилди. Шамол ернинг қуриган юзасидан чанг зарраларини кўтарди, бу эса ҳавонинг хиралашишига ва кўринувчанлик 1400 метргача ёмонлашишига сабаб бўлди.

Тошкентда атмосфера ҳавосидаги РМ10 майда заррачаларининг миқдори 1322 мкг/м3 ни ташкил этди, бу рухсат этилган қийматдан 2,4 марта кўп; РМ2,5 219 мкг/м3 майда заррачаларининг миқдори БССТ талабларидан 43 марта кўп бўлди. Тошкентда чанг-ғубор бугун, яъни 11 сентябрь куни ва кечаси давомида сақланиб туради” дея маълумот берди  “Ўзгидромет”.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ҳаво ифлосланиши бўйича жаҳон рейтингида дастлаб тўртинчи, сўнгра иккинчи ўрингача кўтарилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+