Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашди
Айрим кузатув нуқталарида ифлосланиш “носоғлом” ва “жуда носоғлом” тоифаларига мос келди. Мутахассислар бу ҳолатни шамолнинг кучсизлиги, ҳарорат инверсияси ва ҳаво алмашинувининг чекланиши билан изоҳламоқда.

Пойтахтда ҳаво сифати яна ёмонлашди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йил 25 октябрдан 26 октябрга ўтар кечаси майда чанг заррачалари миқдори ошиб, халқаро ҳаво сифати индекси бўйича айрим кузатув нуқталарида ифлосланиш “носоғлом” ва “жуда носоғлом” тоифаларига мос келди. Мутахассислар бу ҳолатни шамолнинг кучсизлиги, ҳарорат инверсияси ва ҳаво алмашинувининг чекланиши билан изоҳламоқда.
Кечаси ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши, кучсиз шамол ва кучли ҳарорат инверсияси атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинувини чеклади. Оқибатда PM2.5 ва PM10 майда чанг заррачалари ер юзасига яқин ҳудудларда тўпланиб, ифлосланиш даражаси тун давомида ва эрталаб ҳам юқори сақланиб қолди. Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, ҳаво ифлосланиши ҳар доим ҳам кўзга яққол ташланавермайди. Айниқса, PM2.5 каби жуда майда заррачалар нафас орқали организмга кириши мумкин. Шу боис ҳавонинг ташқи кўринишидан кўра, унинг сифати бўйича мониторинг натижалари муҳим аҳамиятга эга.
Метеорологик сунъий йўлдош тасвирларига кўра, 26 октябрь куни соат 00:00 дан 08:00 гача Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда ҳавода чанг кузатилган. Шунингдек, махсус мобил лаборатория ёрдамида тун давомида атмосфера ҳавосининг ҳолати инструментал ўлчанди. Кузатув нуқталарининг аксариятида халқаро ҳаво сифати индекси бўйича PM2.5 майда заррачалари билан ифлосланиш "носоғлом" ва "жуда носоғлом" тоифаларига мос келиши қайд этилди. Миллий ҳаво сифати индекси бўйича эса шаҳарнинг ўртача кўрсаткичи PM2.5 бўйича “сариқ”, PM10 бўйича “зарғалдоқ” даражада бўлган.
Мутасаддилар прогнозида 26 октябрь куни давомида халқаро индекс бўйича ҳаво сифати “носоғлом”, миллий индекс бўйича эса “сариқ” даражада сақланиши кутилмоқда.





