Бугунги кучли шамоллар, чанг-тўзон ва ғубор яна қанча давом этади?
Platina.uz “Ўзгидромет”дан ана шу саволга жавоб олди.
Бугун пойтахт Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида чанг-тўзонли об-ҳаво кузатилди. “Ўзгидромет” ушбу ҳолатнинг қанча давом этиши бўйича маълумот берди.
“2023 йил 10 сентябрда республиканинг шимолий-ғарбий ҳудудларига, 11 сентябрда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига Кавказ худудидан салқин ва нисбатан нам ҳаво оқимлари кириб келди. Ғарбий оқим фронти республиканинг кўпчилик ҳудудларида баъзи жойларда шамол тезлиги 13-17 м/с гача, жанубда ва чўл ҳудудларда 20 м/с кучайишига олиб келди. Хоразм, Бухоро, Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида шамол чанг-тўзон билан қайд этилди, кўринувчанлик 500-2000 метргача ёмонлашди.
Куннинг иккинчи ярмида фронтал булутли чизиқ Тошкентнинг ғарбий туманларига яқинлашди. Соат 15:05 дан 16:00 гача Тошкентда шамол тезлиги 10-12 м/с гача кучайиши кузатилди. Шамол ернинг қуриган юзасидан чанг зарраларини кўтарди, бу эса ҳавонинг хиралашишига ва кўринувчанлик 1400 метргача ёмонлашишига сабаб бўлди.
Тошкентда атмосфера ҳавосидаги РМ10 майда заррачаларининг миқдори 1322 мкг/м3 ни ташкил этди, бу рухсат этилган қийматдан 2,4 марта кўп; РМ2,5 219 мкг/м3 майда заррачаларининг миқдори БССТ талабларидан 43 марта кўп бўлди. Тошкентда чанг-ғубор бугун, яъни 11 сентябрь куни ва кечаси давомида сақланиб туради” дея маълумот берди “Ўзгидромет”.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент ҳаво ифлосланиши бўйича жаҳон рейтингида дастлаб тўртинчи, сўнгра иккинчи ўрингача кўтарилди.