Зойир Мирзаев ободонлаштиришга ярим миллиарддан ошиқ пул ажратди
Аввалроқ Нурафшонда амфитеатр қуриш учун 15 млрд. сўм берилиши маълум бўлганди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши биносининг боғини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун пул ажратди. Бу бўйича ҳоким фармойиши эълон қилинди.
Бугун, 18 декабр куни чиқарилган ҳужжатга кўра, бунинг учун 550 миллион сўм маблағ берилади. Пул вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йил 3-чораги орттирилган қисмидан тақдим этилади.
Бироз аввал Тошкент вилоятида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 31 млрд. 655 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланганди.
Жумладан, Нурафшон шаҳрида амфитеатр биносини қуриш учун 15 млрд. сўм пул берилади.
Шунингдек, Бухоро шаҳрида "Ислом дарғалари тамаддуни" хиёбонини барпо этишга 400 миллион сўм, "Сомонийлар" мадаий истироҳат боғидаги кўл ва ободонлаштириш харажатлари (ёқилғи) учун 200 млн. сўм ажратилгани маълум бўлганди.