Тошкент вилоятида 60 иссиқхона текширилди: уларнинг барчасида камчиликлар аниқланди
Хусусан, Зангиота туманида 13 та иссиқхонанинг 10 тасида филтр мавжуд эмас, 3 тасида ишламайди. Тошкент туманида бу кўрсаткич мос равишда 9 та ва 3 тани, Қибрай туманида 11 та ва 3 тани ташкил этган.

Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент, Қибрай, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманларида жами 60 та иссиқхона текширилган. Уларнинг барчасида текширув вақтида ёқилғи ишлатилмаётгани аниқланган. Бироқ 47 та иссиқхонада филтрлар мавжуд эмаслиги, 13 тасида эса ишламаётгани маълум бўлган.
Хусусан, Зангиота туманида 13 та иссиқхонанинг 10 тасида филтр мавжуд эмас, 3 тасида ишламайди. Тошкент туманида бу кўрсаткич мос равишда 9 та ва 3 тани, Қибрай туманида 11 та ва 3 тани ташкил этган.
Янгийўл туманида текширилган 10 та иссиқхонанинг 8 тасида филтр йўқлиги, 2 тасида ишламаётгани аниқланган. Юқори Чирчиқ туманидаги 11 та иссиқхонадан 9 тасида филтр мавжуд эмас, 2 тасида эса носоз.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Сергели, Янгиҳаёт, Шайхонтоҳур, Олмазор, Яшнобод, Учтепа ва Яккасарой туманларида тунги рейдлар ўтказилган. Уларда 15 та объект, жумладан, битта иссиқхона, битта саноат корхонаси ва 13 та бошқа объект фаолияти ўрганилган.
Умумий ҳисобда пойтахт ва вилоятда текширилган 95 та объектнинг 61 таси иссиқхона, биттаси саноат корхонаси, 33 таси эса бошқа объектлар ҳисобланади.
Тошкент шаҳар экология бош бошқармаси таҳлилий лабораторияси мутахассислари томонидан пойтахтнинг 10 та кузатув нуқтасида атмосфера ҳавоси таркиби ўрганилган.
Кўчма чанг анализатори ёрдамида ўтказилган ўлчовларда PM2,5 ва ПМ10 майда заррачалари миқдори текширилиб, барча нуқталарда кўрсаткичлар белгиланган меъёрда экани аниқланган.
Бундан ташқари, Яккасарой, Учтепа, Олмазор, Яшнобод, Янгиҳаёт ва Сергели туманларида ҳаво сифати мониторинги ускуналари атрофидан ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари яқинидан атмосфера ҳавоси намуналари олинган.
Экология қўмитаси атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, экологик талабларга риоя этилишини таъминлаш ва атроф-муҳитга салбий таъсирнинг олдини олишга қаратилган мониторинг ҳамда назорат тадбирлари давом эттирилишини маълум қилган.





