Тошкент вилоятида янги ақлли кўчатхоналар фойдаланишга топширилди
KOICA компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа 2024–2028 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг умумий қиймати 7,7 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

Тошкент вилоятининг Писент туманида Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (KOICA) билан ҳамкорликда "Ақлли технологиялар асосида Тошкент вилоятида ўрмон ва шаҳар ҳудудларини кўкаламзорлаштириш" лойиҳаси доирасида барпо этилган янги ақлли кўчатхоналар фойдаланишга топширилди.
Замонавий кўчатхоналарни фойдаланишга топшириш тадбирида Ўрмон агентлиги директор ўринбосари Ғолибжон Қурбонов, Жанубий Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Вон До Ён, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев, Экология қўмитаси ва Ўрмон агентлиги масъуллари, KOICA компанияси экспертлари, Пискент туман ҳокимлиги мутасаддилари, вилоятдаги ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўрмон агентлиги директор ўринбосари Ғолибжон Қурбонов кириш сўзи билан очиб, кейинги йилларда мамлакатимизда Давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан янги ўрмонлар барпо этиш, яшил ҳудудларни янада кенгайтириш борасида эътирофли ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
"Таъкидлаш жоизки, яқинда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида бир йилда миллионлаб сифатли кўчатлар етиштириш имкониятига эга бўлган замонавий кўчатчилик маркази иш бошлади. Жорий йилда Андижонда ҳам умумий майдони 5 ярим гектар бўлган ақлли кўчатхоналар мажмуаси барпо этилди. Мазкур кўчатхоналар "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади, – деди Ғолибжон Қурбонов. – Бугун Тошкент вилоятининг Писент туманида фойдаланишга топширилаётган ушбу ақлли кўчатхоналар ҳам ана шу хайрли ташаббусларнинг узвий давомидир. Мазкур замонавий кўчатхона барпо этилишини бевосита қўллаб-қувватлаган Жанубий Корея республикаси ҳукуматига, KOICA компаниясига ҳамда уни амалга оширишга жонбозлик кўрсатган барча ҳамкорларимизга Ўрмон агентлиги номидан самимий миннатдорчилик билдирамиз".

Тадбир давомида бу ерда бунёд этилган ақлли кўчатхоналар мажмуининг рамзий эсдалик тоши тантанали тарзда очилди. Меҳмонлар мажмуа ҳудудига эсдалик учун дарахтларини екишди.
Шундан сўнг, иштирокчилар кўчатхона фаолияти ва инфратузилмаси билан яқиндан танишишди.
Айтиш жоизки, KOICA компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа 2024–2028 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг умумий қиймати 7,7 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Тошкент кўчатчиликка ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигининг Дўнгқўрғон бўлимида барпо этилган мазкур кўчатхонада 14 та смарт иссиқхона мавжуд. Унинг умумий майдони 7 гектардан иборат. Иссиқхоналар иқлимга мос сифатли кўчатлар етиштиришга мўлжалланган автоматик ички муҳитни доимий мониторинг қилиш ускуналари билан жиҳозланган.
Смарт технологиялар асосида кўчат етиштириш ўрмон хўжалигини ривожлантириш, кўчат етиштириш самарадорлигини ошириш ҳамда иқлим ўзгаришларига мослашиш чора-тадбирларини амалга оширишда алоҳида аҳамият касб этади. Лойиҳа доирасида маҳаллий иқлимга мос кўчатлар етиштириш, уларни пайванд қилиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Шунингдек, лойиҳанинг амалга оширилиши ўрмон хўжалигида мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда турли хил дарахт ва бута турларини кўпайтириш имкониятини янада кенгайтиради.
Ушбу замонавий кўчатхона катта ҳажмдаги дарахт ва бута кўчатларини етиштириш, ўрмон хўжаликларига сифатли кўчатлар етказиб бериш, республика ҳудудларида янги яшил ҳудудлар ташкил этиш, ўрмонлар барпо этиш ва қайта тиклаш ҳамда қурғоқчил ҳудудларда чўлланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Кореялик мутахассисларнинг таъкидлашича, замонавий усулларда кўчатлар етиштириладиган ушбу смарт иссиқхоналар бир қанча афзалликларга ега.
Асосийси, бу ерда илғор технологик ускуналар ёрдамида сув сезиларли даражада тежалади. Ниҳоллар ерда емас, махсус тувакларда етиштирилиши ҳисобига ўртача бир йил ичида экиш учун тайёр бўлади. Автоматик бошқарув ҳисобига қўл меҳнати камаяди. Барча жараёнлар махсус дастур кўмагида амалга оширилади ва натижада кўчатларнинг сифатли ривожланишига эришилади. Энг муҳими, бундай шароитда махсус контейнерларда етиштирилган кўчатларни тоғли ҳудудларга етказиш ва экиш анча осон. Бу жиҳатлар ҳам, ўз навбатида, харажатларнинг камайишига хизмат қилади.
Маълумот ўрнида, Ўрмон агентлиги тасарруфидаги ўрмон хўжаликлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида ўрмончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун 1 100 тонна дарахт ва бута уруғлари жамғарилди. 1 035 гектар майдонда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мос 101,6 миллион туп ниҳол ва кўчатлар парвариш қилинмоқда.
Бундай кенг кўламдаги ишларнинг натижаси кўчатларни тўғри танлаш, сифатли етиштириш ва экилгандан кейинги парваришни таъминлашга бевосита боғлиқ. Писентда барпо этилган ушбу ақлли кўчатхонада жорий этилган технологиялар сувдан самарали фойдаланиш, кўчатларни бошқариладиган муҳитда етиштириш ва уларнинг сифатини ошириш имконини беради. Эндиликда бундай илғор тажрибаларни бошқа ўрмон хўжаликларига ҳам жорий этиш мақсад қилинган.





