Ғазо секторида уруш қайтадан бошланди
Исроил ҲАМАСни вақтинчалик сулҳга амал қилмасликда айблади.
Ғазо секторида вақтинчалик сулҳ тугади, Исроил армияси ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланганини эълон қилди.
Ижтимоий тармоқдаги қисқа баёнотда Исроил ҲАМАС гуруҳини жанглар ва Исроил ҳудудини ўққа тутишда "оператив пауза" шартларини бузганликда айблади.
“Исроил мудофаа кучлари ҲАМАСга қарши жанговар ҳаракатларни қайта бошлади”, — дейилади баёнотда.
AFP тарқатган маълумотларга кўра, Исроил Ғазо бўйлаб авиа ва артиллерия зарбалари беришни бошлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябридан бошланган урушда 22 ноябрга келиб вақтинчалик сулҳга эришилганди. Келишув фаластинлик асирлар эвазига ҳарбий гуруҳ томонидан гаровга олинганларни озод қилиш ва бир неча кунга жанговар ҳаракатларни тўхтатишни назарда тутган. Музокараларда Қатар давлати воситачилик қилганди.