Байден Ғазода урушни тугатиш бўйича режани эълон қилди
Исроил томони билдирган ташаббусга кўра, мамлакат қўшинлари Ғазодан чиқиб кетади ва асирлар бўйича келишувга эришилади.
АҚШ президенти Жо Байденнинг айтишича, Исроил Ғазо секторидаги жангларни тугатиш бўйича "кенг қамровли" ўт очишни тўхтатиш таклифини билдирган.
Жума куни Оқ уйда сўзлаган Байден Қатар ҲАМАСга Ғазода "тўлиқ ва кенг қамровли оташкесим"ни ўз ичига олган уч босқичли таклифни берганини айтди.
Байденнинг айтишича, таклифнинг биринчи олти ҳафталик босқичи бутун Ғазо бўйлаб ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва барча исроиллик қўшинларини барча аҳоли пунктларидан олиб чиқиб кетишни ўз ичига олади. АҚШ президенти Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги маҳбуслар алмашинувини ҳам тилга олди.
Фаластинликлар Ғазонинг барча ҳудудларига қайтишлари мумкин бўлади, ваъда қилди Байден. Ҳар куни гуманитар ёрдам ортилган 600 юк машинаси анклавга киради.
Иккинчи босқич Ғазода "ҳарбий ҳаракатларни доимий тўхтатиш" бўйича музокараларни ўз ичига олади. Байденнинг сўзларига кўра, биринчи босқичдаги тўлиқ оташкесим ХАМАС ва Исроил музокаралар олиб боргунча давом этади.
Байден Миср, Қатар ва Қўшма Штатлар келишувнинг кафиллари бўлишини айтди. Учинчи ва охирги босқич Ғазони қайта қуришни ўз ичига олади.
"Ҳозирги вақтда Хамас яна 7 октябрни ўтказишга қодир эмас", деди Байден.
Унинг қўшимча қилишича, "фаластинликлар мутлақ дўзахни бошидан кечирган, жуда кўп тинч аҳоли ҳалок бўлган". Ғазо томони 36 мингдан ошиқ тинч аҳол ўлгани ва 80 мингдан ошиқ киши жабрланганини айтган.