platina.uz

Исроил Ғазодаги урушни тугатиш масаласини кўриб чиқмоқда

Исроилнинг сулҳ бўйича янги таклифи Ғазода қолган 130 дан ортиқ гаровга олинганларни озод қилишни талаб қилади.

Жаҳон
29 апрель, 13:05
Исроил Ғазодаги урушни тугатиш масаласини кўриб чиқмоқда

Исроил расмийларининг билдиришича, мамлакат биринчи марта Ғазо секторидаги урушни ҲАМАС йўқ қилинмаган тақдирда ҳам тугатиш вариантини кўриб чиқмоқда, бунда гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув имзоланиши керак.

Яҳудий давлатининг сулҳ бўйича янги таклифи Ғазода қолган 130 дан ортиқ гаровга олинганларни озод қилишни талаб қилади, бунинг эвазига Фаластин анклавида "барқарор осойишталикни тиклаш" масаласини муҳокама қилиш истаги бор, деди Исроилнинг икки расмийси Axios нашрига. Қарийб етти ой давом этган урушда илк бор Фаластин анклавини йўқ қилмасдан, гаровга олиш келишуви доирасида можарога барҳам бериш мумкин бўлади.

Миср воситачилари ўтган ҳафта баён қилган режага кўра, дастлабки уч ҳафталик сулҳ давомида 500 га яқин фаластинлик маҳбуслар озодлиги эвазига 20 нафар гаровга олинганлар озод қилинади, деб ёзади Wall Street Journal.

Таклиф этилаётган келишув аёллар, касал ва қариялар бўлган гаровдагиларни озод қилишга устувор аҳамият қаратади. Ҳар икки томоннинг музокараларни давом эттиришига имкон бериш учун алмашинувдан сўнг 10 ҳафталик сулҳ тузилади. Гаров алмашиш билан бир қаторда, сўнгги таклиф кўчирилган фаластинликларга Ғазо шимолидаги уйларига қайтишга имкон беради, уларнинг аксарияти жангларда шикастланган ёки вайрон бўлган. Уйларнинг вайроналари остида ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлган минглаб одамларнинг қолдиқлари бўлиши мумкин.

Музокаралар ва Мисрнинг келишувга эришишга интилиши Исроилнинг ҳозирда Ғазонинг энг гавжум шаҳри ва 1 миллиондан ортиқ қочқинлар яшайдиган Рафаҳга киришга тайёргарлик кўраётган пайтига тўғри келди. Рафаҳ билан чегарадош бўлган Миср томони Исроил қўшинлари шаҳарга кирса, "ҳалокатли оқибатлар" бўлишидан огоҳлантирган. Исроил аллақачон Рафаҳга бостириб кириш бир неча кунлик масала эканлигини аниқ айтган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хамас назоратидаги Ғазо секторида Исроил ҳужумлари оқибатида 34 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг учдан икки қисми болалар ва аёллардир.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+