Хавфсизлик буферими ёки кенгайишга интилиш: Нега Исроил Ливан ва Суриядан чиқиб кетмаяпти?
Кўп йиллар давомида Яқин Шарқ дипломатияси "ер эвазига тинчлик" тамойили асосида қурилган эди. Исроил ишончли хавфсизлик кафолатлари эвазига айрим ҳудудларни қайтаришга тайёрлигини намойиш этганди.

Сўнгги ўн йилликлар давомида Яқин Шарқ бир неча бор урушлар, тинчлик келишувлари ва дипломатик ютуқларни бошдан кечирди. Бироқ кейинги йиллардаги воқеалар минтақа мутлақо янги босқичга қадам қўяётганини кўрсатмоқда. 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга қилган ҳужумидан кейин Исроилнинг хавфсизлик сиёсати шунчалик кескин ўзгардики, кўплаб таҳлилчилар бугун мамлакатда янги ҳарбий доктрина шаклланаётгани ҳақида гапирмоқда.
Бу ўзгаришлар энг яққол Ливан ва Сурияда намоён бўлмоқда. Бу ерда Исроил ҳатто вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувларга эришилганидан кейин ҳам ӯз аскарларини олиб чиқиб кетмаяпти.
Шу муносабат билан АҚШ Ливан ва Исроилга Вашингтонда имзоланган рамкавий келишувни амалга ошириш мақсадида Рим шаҳрида музокаралар ўтказишни таклиф қилгани ҳақидаги хабарлар катта қизиқиш уйғотади. Айни пайтда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Исроил армияси эришилган келишувларга қарамасдан Жанубий Ливандаги айрим позицияларни тарк этмаслигини маълум қилди. Бундан аввал эса Сурияда ҳокимият алмашганидан кейин Исроил буфер ҳудудидаги ҳарбий иштирокини кенгайтиргани халқаро жамоатчилик эътиборини тортган эди.
Бу воқеалар табиий саволни туғдирмоқда: гап фақат вақтинчалик хавфсизлик чоралари ҳақида кетяптими ёки Исроил аста-секин ҳудудий кенгайишга қаратилган узоқ муддатли стратегияни амалга оширмоқдами?
«Ер эвазига тинчлик» концепциясидан «аввало хавфсизлик» тамойилига
Кўп йиллар давомида Яқин Шарқ дипломатияси "ер эвазига тинчлик" тамойили асосида қурилган эди. Исроил ишончли хавфсизлик кафолатлари эвазига айрим ҳудудларни қайтаришга тайёрлигини намойиш этганди.
Бунинг энг ёрқин мисоли — Синай ярим оролидир. Миср билан тинчлик шартномаси имзолангандан кейин Исроил қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетди, барча яҳудий манзилгоҳларини тугатди ва ярим оролни Миср суверенитетига қайтарди. Бу узоқ вақт ҳудудий муросага эришиш мумкинлигининг асосий намунаси сифатида кўрилган.
Бироқ барча ҳолатларда ҳам воқеалар бир хил ривожланмади.
2000 йилда Исроил қарийб йигирма йиллик ҳарбий иштирокдан сўнг Жанубий Ливандан тўлиқ чиқиб кетди. Бу билан можаро якунланади, деган умидлар бор эди. Аммо орадан бир неча йил ўтиб Эрон яратган вп қӯллаётган бузғунчи шиа жангарилари тӯдаси - «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг ҳарбий қудрати сезиларли даражада ошди. Ташкилот мустаҳкамланган мудофаа иншоотларини қурди, катта миқдорда ракета захираларини тўплади ва ўз имкониятларини кенгайтирди. 2006 йилда эса бу яна бир кенг кўламли Исроил—«Ҳизбуллоҳ» урушига олиб келди.
2005 йилда Исроилнинг Ғазо секторидан бир томонлама чиқиб кетиши ҳам кутилган натижани бермади. Барча аҳоли пунктлари тугатилиб, армия чиқарилганига қарамасдан, минтақа барқарорлик ҳудудига айланмади. Кейинчалик Исроил сиёсатчилари турли сиёсий қарашларидан қатъи назар айнан шу мисолни келтириб, бир томонлама чиқиб кетиш хавфсизликни кафолатламаслигини таъкидлаб келмоқда.
Аммо ҳақиқий бурилиш нуқтаси 2023 йил 7 октябр воқеалари бўлди.
ҲАМАСнинг кенг кўламли ҳужуми замонавий Исроил тарихидаги энг оғир хавфсизлик инқирозларидан бири сифатида баҳоланди. Ана шу воқеадан кейин мамлакатда аввалги тийиб туриш механизмлари етарли эмаслиги ҳақидаги фикр қатъий шаклланди.
Натижада аввалги «ер эвазига тинчлик» формуласи ўрнини аста-секин янги ёндашув — «аввало хавфсизлик» тамойили эгалламоқда.
Жанубий Ливан: нима учун Исроил чиқиб кетишга шошилмаяпти?
Навбатдаги ҳарбий тўқнашувлардан кейин АҚШ воситачилигида Исроил ва Ливан можарони юмшатиш бўйича рамкавий келишувга эришди. Унда кескинликни босқичма-босқич камайтириш, Ливан армиясининг жанубдаги ролини кучайтириш ва Исроил қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқиш масалалари назарда тутилган эди.
Бироқ деярли дарҳол келишмовчиликлар пайдо бўлди. Ливан томони Исроил Литани дарёсининг шимолидаги айрим стратегик нуқталарни тарк этишдан бош тортганини ва бу орқали дастлабки келишувларни бузганини таъкидламоқда.
Исроил эса ўз навбатида бу қарорни «Ҳизбуллоҳ» ҳали ҳам ҳарбий инфратузилмасини сақлаб қолаётгани ва ҳар қандай пайтда ўз кучини қайта тиклаши мумкинлиги билан изоҳлайди.
Исроил нуқтаи назарича, аввалги хатоларни яна такрорлаш мумкин эмас. Шунинг учун мамлакат раҳбарияти хавф бутунлай бартараф этилмагунига қадар айрим ҳарбий позицияларни сақлаб қолиш зарурлигини тобора кўпроқ таъкидламоқда.
Расмий Байрут эса бундай ёндашувни хавфли деб ҳисоблайди. Ливан раҳбарияти вақтинчалик ҳарбий иштирок аста-секин айрим ҳудудлар устидан доимий назоратга айланиб кетишидан хавотирда.
Бугунги кунда айнан шу қарама-қаршилик Исроил—Ливан музокараларининг асосий муаммосига айланган.
Сурия: янги буфер ҳудудими ёки Жӯлон тепаликлари тарихининг такрорланишими?
Ҳозирда Суриядаги вазият ҳам кам аҳамиятга эга эмас. Ҳокимият алмашганидан кейин кўпчилик Исроил чегара яқинидаги ҳарбий иштирокини босқичма-босқич қисқартиради, деб кутган эди. Бироқ амалда мутлақо тескари ҳолат кузатилди.
Исроил мавжуд ҳарбий позицияларини янада мустаҳкамлади, кузатув пунктлари тармоғини кенгайтирди ва янги ҳарбий инфратузилмаларни барпо этишни давом эттирди. Бунинг расмий сабаби ҳам аввалгидек қолмоқда: Исроил фикрича, Суриянинг янги раҳбарияти мамлакатнинг барча ҳудудлари устидан тўлиқ назорат ўрната олгани йўқ эмиш. Шу сабабли Исроил чегараси яқинида яна турли қуролли гуруҳлар пайдо бўлиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда эмиш.
Айнан шу ерда Исроилнинг янги хавфсизлик стратегиясининг энг муҳим хусусиятларидан бири намоён бўлади. Исроилнинг иддао қилишича, агар аввал мудофаа давлат чегараларини ҳимоя қилиш билан чекланган бўлса, бугунги кунда «илғор мудофаа» (Forward Defense) тамойили тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу концепциянинг моҳияти шундан иборатки, эҳтимолий хавф гӯёки Исроил чегарасига етиб келишидан олдиноқ бартараф этилиши керак. Шунинг учун ҳам ҳукмрон баландликлар, стратегик автомобиль йўллари, тоғ довонлари ва қуролли тузилмалар ҳаракатини кузатиш имконини берувчи нуқталарга катта аҳамият берилмоқда.
Ҳудудий кенгайиш режасими ёки хавфсизлик стратегиясими?
Ҳозирда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Исроил Жанубий Ливан ёки Суриянинг айрим ҳудудларини ўз таркибига қўшишни режалаштираётгани ҳақида турли фикрлар билдирилмоқда.
Бироқ ҳозирча Исроил ҳукумати ёки Кнессет томонидан Жанубий Ливанни аннексия қилиш тўғрисида расмий қарор қабул қилинмаган. Шунингдек, Суриянинг янги ҳудудларини Исроил таркибига қўшиш бўйича давлат даражасидаги расмий режалар ҳам эълон қилинмаган.
Лекин бошқа муҳим тенденция кузатилмоқда. Исроил ўз хавфсизлиги нуқтаи назаридан зарур деб ҳисоблаган ҳудудларда узоқ муддатли ҳарбий иштирокни сақлаб қолишга тайёр эканини очиқ кўрсатмоқда. Бу ҳаракатларини «ҳудудий ккенгайиш-босиб олиш сиёсати» эмас, балки «буфер хавфсизлик ҳудудлари концепцияси» деб изоҳлашга уринмоқда.
Нега АҚШ музокараларни қўллаб-қувватламоқда, аммо Исроилга қаттиқ босим ўтказмаяпти?
Америка сиёсати ҳам маълум даражада ўзгармоқда. Вашингтон ҳозир ҳам Исроил ва Ливан ўртасидаги асосий воситачи ҳисобланади. Айнан АҚШ ташаббуси билан музокараларнинг навбатдаги босқичини Рим шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди. Шу билан бирга, Америка дипломатияси бир вақтнинг ўзида бир нечта стратегик вазифани ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда.
Биринчи навбатда, Исроил хавфсизлигини таъминлаш лозим.
Иккинчи томондан эса «Ҳизбуллоҳ», Эрон ва бошқа минтақавий кучлар иштирокида янги кенг кўламли урушнинг олдини олиш керак.
Шу сабабли АҚШ Исроил қўшинларини зудлик билан олиб чиқишни талаб қилиш ўрнига, келишувларни босқичма-босқич амалга ошириш тактикасини афзал кўрмоқда. Бу эса Вашингтоннинг эҳтиёткор сиёсатини изоҳлайди.
Халқаро ҳуқуқ ва асосий баҳс
Юзага келган вазият халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳам мураккаб ҳисобланади. Исроил ўз позициясини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 51-моддасига асослайди. Ушбу модда давлатларга қуролли ҳужум содир этилган тақдирда якка тартибда ёки жамоавий тарзда ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради.
Ливан ва Сурия эса БМТ Низомининг давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга оид асосий тамойилларига таянади. Уларнинг фикрича, бошқа давлат қўшинларининг расмий розиликсиз узоқ муддат давомида мамлакат ҳудудида қолиши халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан баҳсли ҳолат ҳисобланади.
Шунинг учун бугунги баҳснинг марказида ҳарбий куч ишлатишнинг ўзи эмас, балки ҳарбий иштирокнинг қанча муддат давом этиши ва уни қандай шартлар асосида якунлаш мумкинлиги турибди. Айнан шу масала ҳозирги дипломатик музокараларнинг энг баҳсли мавзусига айланган.
Яқин Шарқни нима кутяпти?
Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, кейинги 5–10 йил учун учта асосий сценарийни ажратиш мумкин.
Биринчи - оптимистик сценарий. Бу ҳолатда Исроил ва Ливан ўртасидаги рамкавий келишув босқичма-босқич амалга оширилади. Ливан армияси мамлакат жанубида тўлиқ назорат ўрнатади. Сурияда давлат бошқаруви барқарорлашади. Натижада Исроил ҳарбий кучлари босқичма-босқич чегара ортидан чиқиб кетади. Бироқ бу сценарий амалга ошиши учун минтақада хавфсизлик сезиларли даражада яхшиланиши лозим.
Иккинчи - энг эҳтимолий сценарий. Бугунги вазият таҳлили шуни кўрсатадики, айнан шу сценарий амалга ошиш эҳтимоли юқорироқ. Бу ҳолатда Исроил стратегик аҳамиятга эга айрим нуқталарда ҳарбий иштирокини сақлаб қолади. АҚШ воситачилигида музокаралар давом этади. Бироқ тўлиқ тинчлик шартномасига эришилмайди. Минтақада вақти-вақти билан маҳаллий қуролли тўқнашувлар юз бериши мумкин бўлса-да, томонлар кенг кўламли урушга йўл қўймасликка ҳаракат қилади. Кўплаб халқаро таҳлилчилар айнан шу ҳолатни «бошқариладиган беқарорлик» деб аташмоқда.
Учинчи - инқирозли сценарий. Энг салбий вариант — дипломатик жараённинг бутунлай издан чиқиши ҳисобланади. Бу ҳолда Исроил билан «Ҳизбуллоҳ» ўртасида янги кенг кўламли ҳарбий тўқнашувлар бошланиши мумкин. Можарога Эрон, Сурия ва бошқа минтақавий ўйинчилар ҳам бевосита ёки билвосита жалб қилиниши эҳтимолдан холи эмас. Бу эса бутун Яқин Шарқда янги хавфсизлик инқирозини келтириб чиқариши мумкин.
Исроил келажакда ҳудудини кенгайтириши мумкинми?
Сионистларнинг энг машҳур орзуларидан бири - икки дарё - Дажла ва Ефрат оралиғида, бошқа фикрларга кӯра, икки денгиз оралиғида Яҳудий давлатини яратишдир. Бу Исроил байроғида ҳам икки мовий чизиқ сифатида акс этган дейишади. Шу боис Исроилнинг стратегик мақсад ва режалари энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.
Назарий жиҳатдан ҳар қандай давлат ўз хавфсизлик сиёсати доирасида турли вариантларни кўриб чиқиши мумкин. Бироқ бугунги кун ҳолатига кўра, Исроил томонидан Жанубий Ливан ёки Суриянинг янги ҳудудларини расман ўз таркибига қўшиш бўйича қабул қилинган давлат сиёсати мавжудлиги ҳақида ишончли далиллар йўқ. Айрим сиёсий кучлар ёки сиёсатчилар томонидан билдирилган фикрлар автоматик равишда давлат сиёсати ҳисобланмайди.
Шу билан бирга, агар буфер ҳудудлардаги ҳарбий иштирок йиллар давомида сақланиб қолса, вақт ўтиши билан янги сиёсий ва ҳуқуқий воқелик шаклланиши эҳтимолини ҳам бутунлай истисно қилиб бўлмайди.
Асосий ноаниқлик нимада?
Бугунги вазиятда асосий масала ҳудудларнинг ўзи эмас. Энг катта савол — хавфсизлик кафолатларида. Агар Исроил ўз чегаралари яқинида хавф сақланиб қолаётганини ҳис қилса, мамлакат эҳтимол катта эҳтимол билан буфер ҳудудлар ва илғор мудофаа сиёсатини давом эттиради.
Аксинча, агар Ливан армияси ва Сурия давлат институтлари ўз ҳудудлари устидан самарали назорат ўрната олса ҳамда халқаро хавфсизлик механизмлари ишончли ишлай бошласа, сиёсий муросага келиш имкониятлари анча кенгаяди.
Хулоса
Яқин Шарқ яна бир бор тарихий бурилиш даврини бошдан кечирмоқда. 2023 йил 7 октябр воқеаларидан кейин Исроил миллий хавфсизлик концепциясини тубдан қайта кўриб чиқди. Агар аввал дипломатик келишувлар ва халқаро кафолатларга катта умид боғланган бўлса, бугун мамлакат раҳбариятининг диққат марказида стратегик аҳамиятга эга ҳудудлар устидан ҳарбий назоратни сақлаб қолиш масаласи турибди.
Бу эса Исроил аллақачон ўз ҳудудини кенгайтириш ҳақида қарор қабул қилди, дегани эмас. Ҳозирча Жанубий Ливан ёки Суриянинг янги ҳудудларини расман аннексия қилиш бўйича давлат қарорлари мавжуд эмас.
Бироқ бошқа муҳим жараённи ҳам инкор этиб бўлмайди. Бу — буфер хавфсизлик ҳудудларини шакллантириш амалиётининг Исроилнинг янги ҳарбий стратегиясига айланиб бораётганидир. Шу сабабли келгуси йилларда асосий муҳокама чегараларнинг ҳуқуқий мақоми ҳақида эмас, балки янада мураккаб савол атрофида кечиши мумкин: "Давлат ўзининг халқаро тан олинган чегараларидан ташқарида доимий ҳарбий иштирокни сақламасдан туриб ҳам хавфсизлигини таъминлай оладими?"
Мазкур саволга бериладиган жавоб нафақат Исроил, Ливан ва Сурия ўртасидаги муносабатларнинг келажагини, балки XXI асрда Яқин Шарқнинг бутун хавфсизлик архитектураси қандай шаклланишини ҳам белгилаб бериши мумкин.
Абулфайз Сайидасқаров
