74 мингдан ортиқ қурбон, вайрон бўлган шаҳарлар: уч йиллик уруш Ғазони қандай ўзгартирди?
Исроилнинг Ғазога қарши уч йилдан бери давом этаётган уруши ҳудудни таниб бўлмас даражада ўзгартирди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 74 245 нафардан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, қарийб 200 минг бола эса умуман таълим олиш имкониятидан маҳрум. Уруш иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва асосий хизматларни издан чиқарди. Натижада фаластинликларнинг яшаш, ишлаш, таълим олиш ва тирик қолиш шароитлари тубдан ўзгарди.

2023 йил 7 октябрь куни Исроил ҲАМАС бошчилигидаги ҳужумдан сўнг Ғазога қарши уруш бошланганидан уч йил ўтиб Фаластин ҳудуди таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган. Al Jazeera Ғазодаги уч йиллик уруш оқибатларини таҳлил қилиб, ҳудуд иқтисодиёти, таълим, соғлиқни сақлаш ва инфратузилмаси кескин таназзулга учраганини қайд этади.
Исроилнинг давомли ҳаво ва қуруқликдаги ҳужумлари натижасида Ғазо секторининг катта қисми вайронага айланган. Уйлар ва маҳаллалар йўқ қилинди, инфратузилма ҳамда муҳим хизматларга жиддий зарар етказилган. Al Jazeera нашрининг ёзишича, уруш қарийб икки миллион аҳолига эга ҳудуддаги одамлар ҳаётини издан чиқарган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 74 245 нафардан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.
“2025 йил октябрида “ўт очишни тўхтатиш” эълон қилинган бўлса-да, бу азоб-уқубатларга барҳам бермади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, “ўт очишни тўхтатиш” кучга кирганидан бери яна 1 462 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Шу билан бирга, Исроилнинг ҳужумлари ва бошқа ҳарбий амалиётлари Ғазо сектори бўйлаб давом этган”, дейилади нашр мақоласида.
БМТ маълумотларига кўра, сентябрь ойида Ғазо аҳолисининг 94 фоизи зудлик билан бошпана ва асосий маиший ёрдамга муҳтож бўлган. Уйларини Исроил ҳужумлари ёки мажбурий эвакуация буйруқлари сабаб тарк этишга мажбур бўлган аҳолининг 65 фоизи чодирлар ёки табиат таъсиридан етарли даражада ҳимоя қилмайдиган вақтинчалик бошпаналарда яшаган.
Сув таъминоти ҳам кундалик муаммолардан бирига айланган. БМТга кўра, август ойи бошида текширилган уй хўжаликларининг 91 фоизида сув хавфсизлиги ўртача ёки юқори даражада муаммоли бўлган. Июнь ойида бу кўрсаткич 84 фоизни ташкил этган.
Электр энергияси таъминоти ҳам ишончсизлигича қолмоқда. Ғазода ишлайдиган электр тармоғи мавжуд эмас. Шу сабабли муҳим хизматлар ва хонадонлар генераторларга, тобора камайиб бораётган ёқилғи, мотор мойи ва эҳтиёт қисмларга қарам бўлиб қолган.
Ғазодаги иқтисод
БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) сентябрь ойида Ғазодаги иқтисодий объектларнинг 92 фоизи 2023 йил октябридан бери зарар кўргани ёки бутунлай вайрон қилинганини маълум қилди. Ишсизлик даражаси эса 78 фоизга етган.
Иқтисодиёт тадқиқотчиси Рамий ал-Зайғ Al Jazeera телеканалига уруш “жамиятни бир неча ўн йилликларга ортга сурганини”, эски касбларнинг қайта тиклангани ва мавжуд оддий воситалар ҳамда ресурслардан фойдаланишга асосланган янги турдаги ишлар пайдо бўлганини айтган.
Ғазодаги кўплаб оилалар эндиликда гуманитар ташкилотлардан олинадиган нақд ёрдамга таянмоқда. Нақд пулнинг ўзи ҳам тобора танқис бўлиб, одамлар рақамли тўловлар ва электрон ҳамёнлардан фойдаланмоқда.
Таълим олиш учун кураш
Уруш Ғазодаги таълим тизимини кескин ўзгартирди. Қарийб уч йил давомида юз минглаб болалар мактабларда анъанавий тарзда таълим олиш имконидан маҳрум бўлди. Бунга мактабларнинг вайрон қилингани ёки зарар кўргани, қолган мактабларнинг эса кўплари бошпана сифатида ишлатилаётгани сабаб бўлган.
UNICEF маълумотларига кўра, Ғазодаги мактабларнинг қарийб 98 фоизи зарар кўрган ёки вайрон қилинган. 2026 йил апрель ҳолатига кўра, 4 ёшдан 17 ёшгача бўлган қарийб 700 минг бола деярли кетма-кет уч йил давомида анъанавий мактаб таълимидан маҳрум бўлган.
Болалар синфхоналарга қайтиш ўрнига чодирлар ва вақтинчалик ўқув масканларида таълим олмоқда. Қарийб 200 минг бола эса умуман таълим олиш имконига эга эмас.
Таълимдаги узилиш болалар ўртасидаги билим тафовутини ҳам кенгайтирди. Фаластин Таълим вазирлиги асосий кўникмаларнинг жиддий йўқотилиши ва ўқувчиларнинг билим даражасидаги тафовут тобора кучайиб бораётганидан огоҳлантирган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Ғазодаги барча 36 та шифохона зарар кўрган. Ҳозирда улардан фақат 19 таси фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳеч бири тўлиқ қувватда ишламаяпти.
Фаолият юритаётган кам сонли тиббиёт муассасалари зарур дори-дармонлар, тиббий жиҳозлар, диагностика воситалари ва ёқилғининг жиддий тақчиллиги билан курашмоқда. Бу танқислик саратон касаллигини даволаш, диализ ва сурункали касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнларини издан чиқарган.
2023 йил октябридан бери қарийб 12 400 нафар бемор тиббий эвакуация қилинган. Бироқ ЖССТ маълумотларига кўра, яна ўн минглаб беморларга Ғазо ҳудудида мавжуд бўлмаган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам керак.
Соғлиқни сақлаш тизимининг қулаши, турмуш шароитларининг ёмонлашуви билан бирга, аҳоли саломатлиги учун тобора хавфли вазиятни юзага келтирмоқда.
ЖССТ сентябрь ойида ҳаддан ташқари зич яшаш, етарли бошпана, сув ва санитария шароитларининг йўқлиги юқумли касалликлар тарқалиши хавфини ошираётганидан огоҳлантирди.
Ташкилот соғлиқни сақлаш тизими ортиб бораётган хавфларга қарши курашиш имкониятига эга эмаслигини таъкидлаб, гуманитар ёрдамни барқарор етказиб бериш, зарур дори-дармон ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, тиббиёт муассасаларини тиклаш ҳамда тиббий эвакуацияларни кенгайтиришга чақирди.
Тобора торайиб бораётган Ғазо
Уруш Ғазонинг географик қиёфасини ҳам ўзгартирди. Исроилнинг ҳарбий назорати ва кириш-чиқиш чекловлари ҳудудни бўлиб юборди. Натижада фаластинликлар тобора кичрайиб бораётган ҳудудга сиқиб чиқарилиб, уйлар, қишлоқ хўжалиги ерлари ва муҳим инфратузилма объектларидан узилиб қолмоқда.
“Сариқ чизиқ” (Yellow Line) — Ғазо ичидаги Исроил ҳарбий кучлари жойлашган ва кириш чекланган ҳудудларни белгиловчи ҳарбий демаркация чизиғи. У 2025 йил октябридаги “ўт очишни тўхтатиш” келишуви доирасида ташкил этилганидан бери Исроил уни аҳоли зич яшайдиган ҳудудлар ичкарисига томон суриб келган. Бу эса оилаларни яна ўз уйларини тарк этишга мажбур қилган.
Euro-Med Human Rights Monitor ташкилоти сентябрь ойида Исроилнинг ҳарбий назорати ва кириш чекловлари Ғазо ҳудудининг қарийб 70 фоизини қамраб олганини маълум қилди. Натижада икки миллиондан ортиқ фаластинлик ҳудуднинг 30 фоизидан камроқ қисмига сиқиб чиқарилган.
Рафаҳ бу ўзгаришнинг энг яққол мисолларидан биридир. Ғазонинг жанубида, Миср чегараси яқинида жойлашган шаҳар уруш давомида секторнинг турли ҳудудларидан кўчирилган бир миллиондан ортиқ фаластинлик учун бошпанага айланган.
БМТ маълумотларига кўра, 2024 йил май ойида Исроилнинг Рафаҳдаги ҳарбий операцияси 800 мингдан ортиқ одамни яна кўчишга мажбур қилган.
2026 йил сентябрь ҳолатига кўра, Рафаҳнинг ғарбий қисмидаги “Маваси Рафаҳ” ҳудудидан ташқари деярли бутун шаҳар Исроил назорати остида. Шу сабабли шаҳардан кўчирилган фаластинликлар ўз уйларига қайта олмаяпти.
Euro-Med 29 сентябрь куни Исроил назоратидаги ҳудудларнинг кенгайиши мажбурий кўчириш жараёнини янада мустаҳкамлаётгани, фаластинликларни ўз уйлари ва ерларига кириш имконидан маҳрум қилаётгани ҳамда уларнинг қайтиб келишига ҳеч қандай кафолат қолдирмаётганидан огоҳлантирди.
Уч йил давом этган уруш Ғазода фақат бинолар ва инфратузилмани эмас, балки жамиятнинг кундалик ҳаётини ҳам тубдан ўзгартирди. Таълимдан соғлиқни сақлашгача, иқтисодиётдан уй-жойгача бўлган барча соҳаларда уруш оқибатлари узоқ йиллар давомида сезилиши мумкин. Ҳудуднинг келажаги эса нафақат вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш, балки миллионлаб одамларнинг нормал ҳаётга қайтиши масаласига ҳам боғлиқ бўлиб қолмоқда.





