Вояга етмаган қизни жинсий қулликда сақлашда айбланган аёл қамоққа олинди
Мазкур иш юзасидан кучли назорат ўрнатилгани маълум қилинди.
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 14 яшар қизни жинсий қулликда сақлаб келишда айбланаётган аёл қамоққа олинди. Бу ҳақда Болалар омбдусмани маълумот берди.
"Китоб тумани прокуратураси томонидан фуқаро Н.А.га (аёл) нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов гуруҳи томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
2023 йилнинг 25 ноябр куни фуқаро Н.А. (аёл) гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан ЖИБ Китоб тумани судининг 26.11.2023 йилдаги ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди", дейилади Болалар омбдусмани хабарида.
Мазкур иш юзасидан Болалар омбудсмани вояга етмаган Ч.Т. нинг қонуний манфаатлари таъминланиши устидан парламент назоратини давом эттирилади.
Эслатиб ўтамиз, воқеа тафсилотлари бир неча кун аввал тармоқда тарқалганди, унда қиз 2023 йилнинг май ойидан 15 ноябрга қадар Шаҳрисабз тумани Хўжабоғ қишлоғида яшовчи фуқаро Н.А.нинг уйида зўрлик ва таҳдид орқали турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлангани ҳақида сўз борган.