Қашқадарёда 14 ёшли қиз жинсий қулликда сақлаб келинган: тафсилотлар
Жабрланувчининг ўзи болалар омбудсманига мурожаат билан чиққан.
Болалар омбудсманига Китоб туманида яшовчи 14 ёшли қиз Шаҳрисабз туманида 7 ой мажбуран сақланиб, турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга ёллангани ҳақида мурожаат келиб тушган. Гумонланувчига нисбатан одам савдоси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари ўтказилмоқда.
Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманида 14 ёшли қиз 7 ой давомида мажбуран сақланиб, турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келингани айтилмоқда. Бу бўйича 24 ноябрь куни болалар омбудсманига мурожаат келиб тушган.
Хабар қилинишича, омбудсманга вилоятнинг Китоб туманида яшовчи вояга етмаган (2009 й.т.) Ч.Т. мурожаат қилган. Унда бу қиз 2023 йилнинг май ойидан 15 ноябрга қадар Шаҳрисабз тумани Хўжабоғ қишлоғида яшовчи фуқаро Н.А.нинг уйида зўрлик ва таҳдид орқали турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлангани ҳақида сўз борган.
Болалар омбудсмани бу ҳолат тўғрисида Бош прокуратурага мурожаат қилди.
"Вилоят прокуратураси 24 ноябрь куни ҳодисани ўрганишни бошлади. Китоб тумани прокурори томонидан фуқаро Н.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми „а“ банди (18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов гуруҳи тузилди ва тезкор равишда тергов ҳаракатларига киришилди", — дейилади Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили хабарида.
Жиноят иши Бош прокуратура ва болалар омбудсманининг алоҳида назоратида экани таъкидланди.
"Болаларга нисбатан бундай мудҳиш жиноятни содир этган ҳар қандай шахс қонун олдида жавоб бериши шарт. Бу оғир жиноятнинг қурбони бўлган боланинг манфаатлари тўлиқ равишда таъминланади", дея қўшимча қилинади баёнотда.
Жиноят кодексининг юқорида келтирилган моддаси билан айбдор деб топилган шахслар 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилади.