Қўқондаги 13 ёшли қизга нисбатан зўравонлик иши қайта малакаланди
Қўқон шаҳар прокуратураси ишни Жиноят кодексининг 128-моддасидан (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 118-моддаси 4-қисмига (ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) қайта малакалаган.

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада 13 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилиши юзасидан қўзғатилган жиноят иши қайта малакаланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилинишича, 9 ноябрь куни Қўқон шаҳар прокуратураси жиноят ишини Жиноят кодексининг 128-моддасидан (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 118-моддаси 4-қисмига (ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) қайта малакалаган.
Ҳодиса 28 сентябрь куни содир бўлган. Фарғона вилоятида яшовчи 2012 йилда туғилган вояга етмаган қиз Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада жинсий зўравонликка учраган.
Ҳолат юзасидан 29 сентябрь куни Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи ушланиб, 30 сентябрь куни суд қарори билан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.





