platina.uz

Мексика орқали АҚШга бораётганлар мамлакатга киритилмайди

АҚШга ноқонуний кираётган Ўзбекистон фуқаролари АҚШга қўйиб юборилмайди, бунинг ўрнига улар билан боғлиқ иммиграция иши ҳал қилингунга қадар ҳибсда сақланади.

Жамият
20 ноябрь 2023 йил
Мексика орқали АҚШга бораётганлар мамлакатга киритилмайди

Эндиликда Мексика орқали АҚШга бормоқчи бўлган ўзбекистонликлар мамлакатга қўйиб юборилмай, қамоққа олинади.

"АҚШ Ички хавфсизлик департаменти томонидан Давлат департаментини хабардор қилинди, унга кўра ҳозирдан бошлаб АҚШ-Мексика чегараси орқали АҚШга ноқонуний кираётган Ўзбекистон фуқаролари АҚШга қўйиб юборилмайди, бунинг ўрнига улар билан боғлиқ иммиграция иши ҳал қилингунга қадар ҳибсда сақланади. АҚШ Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш масаласи бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатдан чиқариб юбориш тижорат авиакомпаниялари ҳамда АҚШ Иммиграция ва божхона назорати билан тузилган чартер рейслари орқали амалга оширилмоқда" дейилади АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси хабарида.

"АҚШ-Мексика чегараси орқали АҚШга ноқонуний миграция хавфли ва қимматдир. Контрабандачиларнинг ёлғон ваъдаларига учманг. Америка Қўшма Штатларига саёҳат қилиш учун хавфсиз ва қонуний воситалардан фойдаланинг.

АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган шахслар бу мамлакатга камида беш йил ичида қонуний равишда қайта киришлари тақиқланади. Ноқонуний миграцияга ёрдам берадиган оила а’золари ҳам виза олишдан бутунлай маҳрум этилиши мумкин.

Америка Қўшма Штатлари хавфсиз, тартибли ва инсонпарвар миграция жараёнларини ривожлантириш мақсадида чет эллик ҳамкорлар билан фаолият олиб боради ҳамда Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган барча ноқонуний кирувчилар ва фуқаролиги бўлмаганларни иммиграция қонунчилиги (Титле 8) ваколати остида тезда мамлакатдан чиқариб юборади" дея таъкидланади элчихона баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда минглаб долларлар эвазига Мексика орқали АҚШга ўтказишга ваъда бериш ҳолатлари кўп учрайди. Шунингдек, ФҚБ август ойида Мексика орқали мамлакатга кирган бир неча ўзбекистонликни қидираётгани маълум бўлганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+