Трамп Си Цзиньпинга АҚШ Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди
Мазкур баёнот Тайван атрофидаги кескинлик сақланиб қолаётган бир пайтда янгради. Орол амалда ўз ҳокимият органлари томонидан бошқарилади, бироқ Пекин уни Хитойнинг ажралмас қисми деб ҳисоблайди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан музокаралар чоғида Вашингтон Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. Бу ҳақда РИА "Новости" хабар берган.
Мазкур баёнот Тайван атрофидаги кескинлик сақланиб қолаётган бир пайтда янгради. Орол амалда ўз ҳокимият органлари томонидан бошқарилади, бироқ Пекин уни Хитойнинг ажралмас қисми деб ҳисоблайди.
Шу билан бирга, Трампнинг сўзлари АҚШнинг расмий сиёсати ўзгарганини англатмайди. Вашингтон "ягона Хитой" сиёсатига амал қилиб, Хитой Халқ Республикаси ҳукуматини Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати сифатида тан олади.
Бироқ Пекиннинг Тайван устидан суверенитетга бўлган даъвосини сўзсиз тан олмайди. АҚШ Тайбэй билан ҳарбий-техник ҳамкорликни давом эттирмоқда ҳамда мавжуд вазиятни куч ишлатиш орқали ўзгартиришга қарши чиқмоқда.
Маълумки, Тайван мустақил давлатга хос деярли барча белгиларга эга: ўз президенти, парламенти, қуролли кучлари, миллий валютаси ва демократик бошқарув тизими мавжуд. Бироқ дунё мамлакатларининг аксарияти Хитой Халқ Республикаси билан расмий дипломатик муносабатлар ўрнатган. Пекин эса дипломатик ҳамкорларидан Тайванни алоҳида давлат сифатида тан олмасликни талаб қилади.
Натижада Тайван билан расмий дипломатик муносабатларга эга давлатлар ва бошқа субъектлар сони атиги 12 тани ташкил этади. Шунга қарамай, орол АҚШ, Япония ва Европа мамлакатлари билан фаол иқтисодий ҳамда сиёсий алоқаларни сақлаб келмоқда.
Тайвань 1895 йилда Япония бошқарувига ўтган ва Иккинчи жаҳон уруши тугагунига қадар унинг мустамлакаси бўлиб қолган. 1945 йилда орол бошқаруви Хитой Республикаси қўлига ўтди. Бироқ 1949 йилда Мао Цзэдун бошчилигидаги коммунистлар фуқаролар урушида ғалаба қозонгач, Чан Кайши ҳукумати Тайванга чекинди. Материкда Хитой Халқ Республикаси ташкил этилди, Тайван эса Хитой Республикаси назоратида қолди. Ўшандан буён орол амалда материк Хитойдан алоҳида бошқариб келинмоқда.
1971 йилда Хитойнинг БМТдаги ўрни Хитой Халқ Республикаси вакилларига берилди. 1979 йилда АҚШ Пекин ҳукуматини расман тан олди, бироқ Тайвань билан норасмий муносабатларни сақлаб қолди.
Кейинги ўн йилликларда Тайван демократик бошқарув тизимига, ривожланган иқтисодиётга ва жаҳондаги етакчи яримўтказгичлар саноатидан бирига эга ҳудудга айланди.





