Келаси йил дунёни кутаётган асосий воқеа ва хатарлар эълон қилинди
Келаси йил жаҳон сиёсатидаги муҳим жараёнлардан бири АҚШ президенти Доналд Трампнинг сиёсий мероси ва ундан кейинги давр учун кураш бўлади. Европада эса Францияда бўлиб ўтадиган президентлик сайлови 2027 йилнинг муҳим сиёсий воқеаларидан бири бўлиши кутилмоқда.

Британиянинг The Economist нашри 2027 йилда жаҳон сиёсати, иқтисодиёти ва технологиялар соҳасида юзага келиши мумкин бўлган асосий ўзгаришларга бағишланган The World Ahead 2027 махсус сони муқовасини тақдим этди.
Унда халқаро зиддиятлар, молиявий беқарорлик, сунъий интеллектнинг ривожланиши ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарларга алоҳида эътибор қаратилган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, келаси йил жаҳон сиёсатидаги муҳим жараёнлардан бири АҚШ президенти Доналд Трампнинг сиёсий мероси ва ундан кейинги давр учун кураш бўлади.
Нашр муаллифлари Трамп ўз таъсирини сақлаб қолишга интилиши натижасида мамлакатдаги сиёсий қарама-қаршиликлар янада кескинлашиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Иқтисодий соҳада эса давлат облигациялари бозоридаги эҳтимолий инқироз асосий хавфлардан бири сифатида кўрсатилган. Айрим мамлакатларда давлат қарзининг ортиши ва молиявий бозорлардаги беқарорлик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шунингдек, сунъий интеллект технологияларига ихтисослашган компаниялар атрофида молиявий инқироз юзага келиши эҳтимоли ҳам қайд этилган. Муаллифлар бу соҳада қарздорликнинг ортиши, киберхавфсизлик ва технологияларнинг сиёсий таъсири билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратган.
Халқаро муносабатларда Эрон билан боғлиқ уруш оқибатлари муҳим ўрин тутади. Нашрга кўра, ушбу зиддият энергия ресурслари етказиб бериш тизимига таъсир кўрсатиши, ўғитлар тақчиллигини кучайтириши ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.
Осиёдаги асосий хавфли нуқталардан бири сифатида Тайван атрофидаги вазият тилга олинган.
Европада эса Францияда бўлиб ўтадиган президентлик сайлови 2027 йилнинг муҳим сиёсий воқеаларидан бири бўлиши кутилмоқда. Сайлов натижалари Европа Иттифоқидаги сиёсий ва иқтисодий жараёнларга таъсир кўрсатиши мумкин.
Нашр иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар ҳам кучайишини прогноз қилган. Хусусан, юқори ҳарорат рекордлари, қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари ва кучли иссиқ тўлқинлари келаси йилда ҳам долзарб бўлиб қолиши мумкин. 2027 йил халқаро сиёсатдаги ўзгаришлар, молиявий хавфлар ва технологик тараққиёт оқибатлари бир вақтнинг ўзида намоён бўладиган даврга айланиши мумкин.





