Мексика орқали АҚШга ноқонуний ўтиш тўхтатилади
АҚШ ҳукумати 11 майгача сиёсий бошпана сўровчиларнинг Мексика билан чегара орқали ўтишларини чеклаш қоидаларини ишлаб чиқмоқда.
11 май куни АҚШ расмийлари Мексика билан чегарани ноқонуний кесиб ўтган кўплаб мигрантларнинг бошпана сўралган мурожаатлари рад этилишини кўзда тутувчи янги қарорни эълон қилишади. Шу билан бирга, айни шу куни бутун АҚШ чегаралари бўйлаб COVID-19 сабабли жорий этилган чекловлар бекор қилинади, деган АҚШ Ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркас.
Янги қарорга кўра, бошқа давлатлар орқали улардан бошпана сўрамасдан ёки бошқа ноқонуний йўллар билан АҚШга кириб келган мигрантлар Қўшма Штатлардан бошпана сўраш ҳуқуқига эга бўлишмайди.
Бундай қадам АҚШ президенти Жо Байденнинг ноқонуний иммиграцияга қарши курашиш режасининг бир қисми ҳисобланади. Чунки кейинги ҳафтада COVID-19 чекловлари бекор қилинади ва бу ноқонуний иммиграциянинг кескин ўсишига сабаб бўлиши кутилмоқда.
Америка маъмурияти мигрантларни АҚШга кириш учун қонуний йўллардан фойдаланишга чақиради. Акс ҳолда улар янги ва тезлаштирилган депортация жараёнига дуч келишлари мумкин, дея баёнот берган Майоркас Техас штатининг Браунсвилл шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Майоркаснинг сўзларига кўра, Мексика ҳукумати мамлакат жанубидаги хавфсизликни кучайтиради. Жорий ҳафтада АҚШ ва Мексика ўртасида тузилган келишув шу каби чораларни кўзда тутади. Лекин Мексика Мудофаа вазирлиги бу борада бирор маълумотга эга эмаслигини билдирди.
Охирги ҳафтада АҚШ ва МЕксика чегарасида мигрантларни қамоққа олиш ҳолатлари кўпайди. Майоркас буни чегарани кесиб ўтаётган венесуэлаликлар кўпайгани билан изоҳлади.
Шунингдек, кейинги ҳафтада Байден маъмурияти “CBP One” мобил иловасидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради. Мазкур илова мигрантларга кириш нуқтасига бориш учун олдиндан учрашув белгилаш имкониятини беради.
АҚШ Божхона-чегара хизматининг маълумотларига кўра, 12 майдан бошлаб ҳар куни 1000 мигрант учрашув белгилай олиши мумкин.