Айрим шифокорларнинг ойлик маоши оширилади
Айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистонда айрим шифокорларнинг ойлик маоши оширилади.
Президент Фармони (ПФ-197-сон, 20.11.2023 й.) билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–136-сон Фармонининг 1-бандида назарда тутилган қуйидагилар 2024 йил 1 январдан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги тиббиёт ва фармацевтика ходимларига (махсус ва ҳарбий унвонга эга бўлган ходим ҳамда ҳарбий хизматчилардан ташқари) нисбатан ҳам татбиқ этилади:
- ойлик лавозим маошлари:
- олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 15 фоизга;
- иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 10 фоизга;
- тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун — 15 фоизга оширилади.
Аввалроқ ойлик маош, пенсия ва нафақалар декабр ойида ошиши хабар қилинганди.