Самолётда бемор аёл ҳаётини сақлаб қолган шифокор тақдирланди
Шифокор Ҳасан Камилов "Халқ саломатлиги посбони" кўкрак нишони билан тақдирланди. 13 октябрь куни Сеулга учган самолёт бортида кутилмаган ҳолат юз берганди.

Тошкентдан Сеулга учган самолёт бортида оғир шок ҳолатига тушиб қолган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолган ўзбекистонлик шифокор Ҳасан Камилов "Халқ саломатлиги посбони" кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, воқеа шу йил 13 октябрь куни содир бўлган. Парвоз вақтида йўловчи аёлнинг аҳволи тўсатдан оғирлашгач, экипаж тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифокор чақирган. Ҳамюртимиз беморнинг олдига борганида унинг аҳволи оғир бўлиб, танаси совиган ва кўкариш белгилари кузатилган.
Самарқанд шаҳридаги хусусий клиника раҳбари, Тошкент давлат тиббиёт университети изланувчиси, айни пайтда Корея Республикасидаги Чунгбук университетида малака ошираётган тажрибали оториноларинголог Ҳасан Камилов беморга зудлик билан ёрдам кўрсатган. У ўзи билан олиб юрадиган шошилинч тиббий ёрдам воситалари, шунингдек, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" экипажи тақдим этган кислород ниқоби ва тиббий жиҳозлардан фойдаланган. Натижада аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Ҳасан Камиловга соҳадаги фидокорона меҳнати ва самолёт бортида кўрсатган ёрдами учун "Халқ саломатлиги посбони" кўкрак нишони топширилди. Шифокор эса бу воқеани қаҳрамонлик эмас, балки касбий бурчи ва кундалик меҳнатининг бир қисми сифатида баҳолаган.





