Олис ҳудудларда ишлайдиган шифокорларнинг ойлик қўшимча устамаси оширилади
Бундай ҳудудга ишга кирган шифокорга 50 миллион сўм бир марталик рағбат пули ҳам берилади.

Давлатимиз раҳбари шифокор меҳнатининг қадри ҳақида сўз юритиб, маърифатпарвар аллома Абдурауф Фитратнинг «Инсонга хизмат қилган ҳар бир соҳа муқаддас, аммо инсон соғлиғига хизмат қилган соҳа – улуғроқдир» деган сўзларини эслади.
Тизимда камида 15 йил ишлаган ходимларнинг ипотека кредитининг бир қисмини қоплаш учун 50 миллиард сўм ажратилди. Шу имконият орқали келаси йил 1 минг нафар тиббиёт ходими янги уйга кўчиб ўтади.
Бу имконият ёш кадрлар учун ҳам жорий қилинади: ҳар йили 500 нафар ёш тиббиёт ходимининг ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади.
Келгуси йилдан олис ҳудудларда ишлайдиган барча шифокорларнинг ойлик қўшимча устамаси 2 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмга оширилади. Бундай ҳудудга ишга кирган шифокорга 50 миллион сўм бир марталик рағбат пули ҳам берилади.





