Тошкентда сув нархлари 3 баравар ошириляпти, аммо кенгаш кун тартибида бу масала йўқ
Ҳозир пойтахт аҳолиси учун бир метр куб сув тарифи 400 сўм ва канализация нархи эса 350 сўмни ташкил этади.
"Тошкент шаҳар сув таъминоти" пойтахт аҳолиси учун бир метр куб сув нархини 1400 сўм, оқова сув нархини эса 1000 сўм этиб белгилаш бўйича шаҳар кенгашига таклиф киритган.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 90-сессияси 13 октябр куни соат 15:00 да чақирилади. Аммо унда сув ва канализация нархларини ошириш масаласи йўқ.
Юридик ташкилотлар учун ичимлик суви нархи 3000 сўм, оқова сув нархи эса 2200 сўм этиб белгиланиши мумкин. Келтирилган таклифда амалдаги оширувчи коэффициент ва устамалар қўлланилиши ёки бекор қилиниши ҳақида маълумот берилмаган.
Чунки ҳозир пойтахт аҳолиси учун бир метр куб сув тарифи 400 сўм ва канализация нархи эса 350 сўмни ташкил этади, лекин устама ва коэффициентлар ҳисобига кўп қаватли уйда яшовчилар бир куб метр сувдан фойдаланганлик учун жами 1400 сўм ҳақ тўлайдилар.
Бундан ташқари, янги тарифлар тасдиқланган тақдирда ҳам аввал ОАВ орқали расман эълон қилиниши ва шу эълондан 15 кун ўтиб кучга кириши керак.
Шу пайтгача Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон ва Тошкент вилоятларида ичимлик ва оқова сув нархлари кескин оширилган. Уларни ҳам депутатлар тасдиқлаб беришган. Бошқа ҳудудларда ҳозирча ошмаган.